Илм-маърифат – инсонни камолотга етакловчи, унга нажот берувчи буюк неъмат. Имом Бухорийнинг ўн икки аср аввал “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган фикрлари бунинг ёрқин далили бўла олади. Шу боис аждодларимиз қадимдан илм-маърифат ва фарзанд таълим-тарбиясига устувор аҳамият қаратиб келади. Бугун бу анъана давом этмоқда ва сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ҳамда диний маърифатга берилаётган эътибор яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан юртимиздаги барча таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида семинарлар ҳамда “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида учрашувлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар замирида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар орасида жаҳолат ва илмсизлик ғояларига берилишининг олдини олиш ҳамда уларни илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқтириш каби хайрли мақсадлар ётибди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Анжуманда академиянинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов, шунингдек, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, докторантлар ҳамда талабалар иштирок этди.
– Бугунги кунда дунёда илмсизлик ва жаҳолат оқибатида юзага келаётган экстремизм ва терроризм каби бало барчани ташвишга солиб келаётгани бор гап, – деди филология фанлари доктори, профессор З.Исломов. – Бунинг олдини олиш учун эса ёшларни илм-маърифатли, комил инсон қилиб тарбиялаш жамиятимиз, зиёлиларимиз олдида турган кечиктириб бўлмас вазифадир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”, дея бот-бот таъкидлаб келади.
– Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси, билими ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ, – дейди тарих фанлари доктори, доцент Д.Махсудов. – Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда илм-маърифатни юксалтириш асосида Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш мақсадида тизимли ишлар бошлаб юборилди. Бу боради энг аввало, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар назарда тутилган. Зеро, маънавий юксак ва илмий жиҳатдан салоҳиятли авлод жамият таянчи бўлади.
Давра суҳбатида мамлакатимизда таълим, жумладан олий таълимга алоҳида эътибор берилаётгани эътироф этилди. Охирги уч йилда 47 та янги ОТМ, хориж университетларининг филиаллари ташкил этилгани ва олий таълим муассасалари сони 125 тага етгани таъкидланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг академия илмий салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича талаб ва таклифлари тингланди, талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири