Мазкур муассаса битирувчилари, табиийки, вилоятдаги йирик саноат корхоналарига ишга киришга ҳаракат қилишади. Аммо, бу доимо осон бўлавермайди. Шу боис, кўпинча улар иш топишда муаммоларга дуч келишади. Бу эса, ўзи эгаллаган касб йўналиши қолиб, бошқа иш қилишга мажбурликни келтириб чиқаради. Кейинги пайтда жойларда ўтказиб келинаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари кўпгина ёшларни ўз ўрнини топишда кўмакчи вазифасини ўтамоқда.  

Президентимиз раислигида 2022 йил 4 март куни талабалар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган ведеослектр йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, бандлик бош бошқармаси, Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ҳамкорлигида “Илмга асосланган меҳнат — тараққиёт пойдеворидир” номли “Карьера куни” ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида ўтказилган тадбир асосий мақсади фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни такомиллаштириш ва ривожлантириш ҳамда талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди.

Унда “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Ўзбурғунефтгаз” АЖ, Муборак нефт ва газни қайта ишлаш заводи, “Таллимаржон иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Ўзсандарт” агентлиги Қашқадарё филиали, “Қарши ёғ–экстракция” МЧЖ, вилоят Марказий банки, “Косон ёғ-экстракция” МЧЖ каби 40 дан ортиқ корхоналар иштирок этди.

—  Бўш иш ўринлари ярмаркасида жорий ўқув йилида бакалавр таълим йўналиши ҳамда магистратура мутахассисликларини тамомлайдиган 1734 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш учун иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини расмийлаштириш режалаштирилган, — дейди Қарши муҳандислик–иқтисодиёт институти ректори О. Базаров. — Ҳозирда олийгоҳимизда геология ва кончилик иши, иқтисодиёт, муҳандислик техникаси, нефть ва газ, саноат технологияси, электроника ва автоматика, энергетика факультетлари мавжуд. Ушбу талабаларимиз учун ўзига хос кенг имкониятлар эшигини очиб беради, деган умиддамиз.

Ярмарка жараёни бевосита битирувчи талабалар учун фойдали бўлди. Жумладан, институт битирувчиларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишлашга эҳтиёжи бор ёшлардан 42 нафари шу куннинг ўзида олийгоҳдаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Шунингдек, яна 252 нафар талаба институт ҳудудида фаолият олиб бораётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ишга жалб қилинди. Вилоят бандлик бош бошқармаси ташаббуси билан “Карьера куни”, бўш иш ўринлари ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этилди. Натижада 50 нафар, талабаларнинг бизнес-режалари учун банклардан имтиёзли кредетлар ажратиш орқали 37 нафар, вилоят инвестиция дастури доирасида ташкил этилган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан ҳамкорликда 216 нафар ёшнинг бандлиги таъминланадиган бўлди.

— Бугун ўз касбим бўйича ишга қабул қилиндим, — дейди институт битирувчиларидан бири Нуриддин Ғойимов. — Ушбу ярмарка кўпчилик ёшлар учун катта ёрдам берди. Бўш иш ўринлари ярмаркасида Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси мутасаддилари таклиф этган иш ўрни менга жуда маъқул келди. Шу ернинг ўзида меҳнат шартномаси тузиб, ишга қабул қилинганимни маълум қилишди. Эндиликда ўз иш ўрнимга эга бўлдим. Ўқишни тамомлагач, бирор корхона ёки муассасадан иш топиш борасида ҳозирдан уйлаб юрардим. Ташкил этилган ярмарка эса мен учун айни мудао бўлди. Мен каби кўплаб тенгдошларим тегишли ташкилотлар билан меҳнат шартномаси имзолашга муваффақ бўлишди.

Карьера куни” ва бўш иш ўринлари ярмаркаси доирасида талаба-ёшлар ва битирувчилар учун давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ҳамда семинар-тренинглар ҳам ўтказилди. Шунингдек, бир қатор компания, кластер ва ташкилотлар мутасаддилари билан талабалар ўртасида меҳнат шартномалари тузилди ва институт билан компаниялар ўртасида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор меморандумлар имзоланди. Иқтидорли талабларга “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ каби ташкилотлар стипендиясининг сертификатлари топширилди.

 Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири