Бу сана — бир олимнинг умрига берилган баҳо бўлиш билан бирга, ўзбек иқтисод фанининг бутун бир илмий мактаби, устоз–шогирд анъаналари ва авлодлар давомийлигининг рамзидир.

Қаландар Абдураҳмонов 1946 йил 2 февраль куни Қашқадарё вилоятида туғилиб, илк таълимни юртида олган. Кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институтида, Москвадаги Г.В. Плеханов номидаги халқ хўжалиги институтида «Меҳнат иқтисодиёти» йўналиши бўйича таҳсил олиб, иқтисод фанлари соҳасида мустаҳкам илмий асос яратди.

1973 йилда номзодлик, 1990 йилда эса «Ҳудудларда меҳнат салоҳиятини шакллантириш ва ундан фойдаланишни бошқариш» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, иқтисод фанлари доктори илмий даражасига, 1991 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлди. У турли йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида раҳбарлик лавозимларида, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Илмий марказ директори сифатида фаолият юритди. 1995 йилдан бугунги кунгача эса Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг раҳбарлигида қарийб 100 нафар фан номзоди ва фан докторлари тайёрланиб, мамлакатимизда ва хорижда фаолият юритмоқда. Бу эса унинг илмий раҳбар сифатида шакллантирган катта мактаби мавжудлигидан далолатдир.

Олимнинг илмий мероси, аввало, унинг асарлари орқали намоён бўлади. Қаландар Абдураҳмонов меҳнат иқтисодиёти, инсон капитали, ижтимоий-меҳнат муносабатлари, туризм менежменти ҳамда сунъий интеллект масалаларига бағишланган кўп сонли монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифидир. Унинг «Меҳнат иқтисодиёти» дарслиги Ўзбекистонда беш маротаба, Россия Федерациясида эса олти маротаба қайта нашр қилиниб, иқтисодчи мутахассислар тайёрлашда асосий ўқув манбаларидан бирига айланган.

2020 йилда Лондонда нашр этилган «Labour Economics», АҚШда чоп этилган «Labor Economics in the Era of Artificial Intelligence» дарсликлари, шунингдек сунъий интеллектга бағишланган сўнгги монографиялари олим илмий ғояларининг халқаро майдондаги эътирофидир.

Академик Қаландар Абдурахмоновнинг илмий ишлари Scopus ва RINS халқаро ахборот тизимларида индексация қилинган. У қатор нуфузли миллий ва хорижий илмий журналлар таҳрир ҳайъатлари аъзоси сифатида иқтисод фанининг ривожига услубий ва илмий жиҳатдан ҳисса қўшиб келмоқда. 2017 йилдан у Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси — академик, 2023 йилдан эса Халқаро менежмент академияси аъзосидир.

Олим ташаббуси билан «Инсон капитали ва сунъий интеллект» илмий мактаби шакллантирилиб, 2024 йилда Чироқчи туманидаги 1-сон мактабда «Мактаб – олий таълим – Академия» интеграцияси доирасида ушбу йўналишда илмий мактаб очилди. Бу ташаббус ёш авлодни замонавий билимлар асосида тарбиялашга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Қаландар Абдурахмоновнинг меҳнати давлат ва жамоатчилик томонидан муносиб баҳоланган. У «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» фахрий унвони, Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган.

Академик Қаландар Абдурахмонов нафақат йирик иқтисодчи-олим, балки ижодкор зиёли сифатида ҳам танилган. Унинг бадиий асарларида илм, инсон қадри ва Ватанга муҳаббат ғоялари мужассам.

80 йиллик шарафли умр — илмга садоқат, устозлик масъулияти ва келажак авлод олдидаги бурчнинг ёрқин намунасидир. Академик Қаландар Абдурахмонов ана шундай ҳаёт йўлини босиб ўтган, ҳануз фаол изланишда бўлган забардаст олимдир.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти жамоаси газетанинг фаол муаллифларидан бўлган олимнинг муборак 80 ёши билан самимий қутлайди. Унинг ижодий-илмий ишларига барака тилайди.