Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган барча жабхадаги ислоҳотлар қатори таълим тизимига ҳам эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол. Янги таҳрирдаги Конституцияда таълимга эътибор ва кафолатлар кенгайтирилмоқда, жумладан, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилиши Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Рефередум натижасида давлат олийгоҳларида давлат ҳисобидан ўқиш белгиланади, бепул бошланғич профессионал таълим берилади, бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим кафолатланмоқда, инклюзив таълим Конституцияга киритилади, ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистонда бадиий таълим соҳасида мутахассис кадрларни етиштириб чиқарадиган Камолиддин Беҳзод Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам 2022-2023 йилларда илмий-ижодий ва инновацион ғояларни қўллаган ҳолда кўплаб янги лойиҳалар яратилмоқда.
Жумладан, жорий йилда институтда 3 та инновацион аҳамиятга эга бўлган амалий грант лойиҳаси якунига етказилди. Ўзбек миллий этномаданий тантанавор либосларининг мобил иловасини яратиш бўйича илмий тадқиқотда этномаданий, тарихий либосларимиз ҳақида фақат китобларда, илмий тадқиқотларда чекланиб қолмасдан, масалага инновацион ёндашган ҳолда тарғиб этиш, бу орқали ёш авлодга ўзлигимизни чуқур сингдириш, бадиий-эстетик дидини тарбиялаш, юксалтириш – бош мақсад сифатида белгиланиб олинди. Ўзбек миллий этномаданий либослари тарихи ва санъатини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижга танитиш мақсадида мобил илова “Google Play Market” ва “App Store” иловалар дўконида йўлга қўйилди.
Мобил иловада жой оладиган ўзбек этномаданий тантанавор либосларга оид маълумотлардан тадқиқотчи мутахассислар ўз илмий фаолиятларида фойдаланишлари мумкин. Таъкидлаш керакки, этномаданий либос халқларнинг миллий ўзлигини, этник белгиларини кўрсатувчи мезон, нафақат урф-одат, миллий қадрият, ижтимоий муносабатларини, балки диний эътиқоди, нафосат ва эстетик нормаларини ифодаловчи моддий-маънавий ёдгорлик саналади.
Илмий инновацион лойиҳалар музейлар билан институт ўртасидаги ўзаро интеграцияни кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ноёб экспонатларнинг 3D анимацияли виртуал галереясини яратиш номли амалий лойиҳада Ўзбекистон тарихи давлат музейида археология, нумизматика, этнография, бадиий асарлар ва бошқа фондларга оид 340 мингдан ортиқ сақланиб келинаётган осори атиқаларнинг 3D анимацияли виртуал галереяси яратилди.
Ўзбекистон бадиий таълим тизимида онлайн музей электрон галереясини яратиш амалий лойиҳасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти базасидаги мавжуд 600 га яқин ижодий ишларнинг электрон илмий паспорти тасвирлари ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ХХ аср Ўзбекистон бадиий таълимининг бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим тарихини ўрганиш бўйича фактологик маълумотлар уч тилда онлайн музей сайтига жойлаштирилди. Бу бадиий таълим ривожидаги умумий қонуниятларни ижодий ишлар тасвири интеграцияси асосида янгиланган нуқтаи назардан кўриб чиқишга имконият беради. Тарихий жараёнларни ўрганиш асосида бадиий таълим ривожининг асосий босқичларига мансуб кам ўрганилган ёки авваллари номаълум бўлган манбалар илк маротаба таҳлил этилган ва шаклланиши, тамойиллари, хусусиятлари ёритилган.
Бугунги кунда мазкур институтда бадиий таълим соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида жаҳоннинг етакчи мамлакатлари музейлари билан ҳам самарали илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 8-сон Қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институтда кўплаб хорижий соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда мунтазам равишда конференциялар, семинарлар ўтказиб келинмоқда. Ўтказилаётган халқаро илмий анжуманларда соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари ўз илмий тадқиқотлари натижалари билан иштирок этиб, моддий ва маданий мерос, жаҳоннинг кўплаб нуфузли музейларида сақланаётган бу каби экспонатлар, музейлардаги инновацион тадқиқотлар, музейшуносликка бағишланган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирадилар.
Институтда 2020 йилнинг 9 июлида ташкил этилган ихтисослашган Илмий кенгашда санъатшунослик фанлари бўйича ҳимоялар мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Ўзбекистон санъати давлат музейларида музейшунослик ихтисослиги бўйича ташкил этилган ихтисослашган Илмий кенгашларда айнан бизнинг олийгоҳимиз таянч докторантлари ва мустақил изланувчилари ўзларинининг диссертацияларини ҳимоя қилмоқдалар. Албатта ушбу илмий Кенгашларнинг ташкил этилиши ёш тадқиқотчилар учун жуда муҳим фойдали илмий-амалий аҳамият касб этди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Камолиддин Беҳзод ижоди жаҳон олимлари нигоҳида” мавзусидаги халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Халқаро конференция иштирокчиларини қутлаш мақсадида Эрон, Озарбайжон, Туркия, Франция каби давлатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам ўз табриклари билан иштирок этдилар. Халқаро анжуман очилишида ижро этилган ўзбек, турк, озарбайжон, форс ва француз миллий мусиқа санъатининг нодир дурдоналари йиғилганларда кўтаринки кайфият уйғотди. Тадбир доирасида Озарбайжон давлат маданият ва санъат университети ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга оид меморандум имзоланди.
Институтда илмий изланишларга берилаётган эътибор самараси ўлароқ Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган “Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида” Низомга мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Махсус эксперт гуруҳининг 2022 йил 17 ноябрдаги йиғилиш баёни қарорига асосан ёш олимларни стажировкага юбориш режаси маъқулланди. Шунингдек, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг 2022 йил 7 декабрдаги йиғилиш баёни қарорига асосан “2022-2023-йилларда етакчи хорижий илмий ташкилотларга (марказлар, университетлар ва бошқалар) қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориладиган ёш олимлар рўйхати” тасдиқланди. Ғолиб бўлган илмий тадқиқотчилар орасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти изланувчилари ҳам мавжуд, улар Озарбайжон Республикасининг Озарбайжон давлат маданият ва санъат университетида икки ҳафта мобайнида ўз тадқиқотлари доирасида илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Айни кунларда институтимизнинг 3 нафар таянч докторантлари ўзларининг илмий тадқиқотлари юзасидан стажировка мақсадида Озарбайжонда бўлиб турибдилар. Албатта, кейинги йилларда юртимизда инсонга, таълим сифатига бўлган эътиборни бизнинг институтдаги илмий фаолият ва бадиий ижод эркинлигида кўриб турганимиз алоҳида мазмунга эга.
Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштиради. Бу бош ҳужжатимизнинг том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлигидан далолат беради.
Дилафрўз ҚУРБОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,
тарих фанлари доктори