Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва “KRANTAS GROUP” корхоналар гуруҳи раҳбари Мухтор Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “KRANTAS GROUP” (“Krantas Group”, “Krantas”, “Kran va maxsus texnikalar” ва “Nurafshon Maxsus Texnika” МЧЖлар) корхоналар гуруҳи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Илмий лойиҳаларни хусусий сектор билан биргаликда молиялаштириш юртимиз илм-фани олдида турган энг муҳим масалалардан биридир, – деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Ишлаб чиқаришдаги реал муаммоларга олимлар томонидан ечим топилиши, шу билан бирга, олимлар томонидан яратилган ишланмаларни серияли ишлаб чиқариш орқали илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида кўприк қурилади. Мана шу кўприк икки соҳа вакиллари учун ҳам ўзаро манфаатли бўлиши шубҳасиз.

Мазкур меморандум машинасозлик соҳасида янги конструкторлик ишланмаларини яратиш ва мавжуд ишланмаларни модернизация қилиш бўйича ўзаро ҳамкорликка қаратилган. Юртимизда машинасозлик соҳасини ривожлантириш, жаҳон талабига жавоб берадиган янги конструкторлик ишланмаларини яратиш, мавжудларини янада ривожлантириш хамда кооперация орқали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамкорликнинг асосий мақсадидир. Шу билан бирга, соҳада мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш бўйича илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма танловлар бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

– Маҳсулотимиз рақобатбардош бўлиши учун уни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш талаб этилади, – дейди Мухтор Каримов. – Бунинг учун янгича ёндашувлар, инновацион материаллар ва ишланмалар талаб этилади. Биз маҳсулотларимизни ишлаб чиқаришда хорижий хомашёдан фойдаланишни камайтириб боришга интиламиз. Маҳаллийлаштириш масаласи ўта муҳим. Юртимиз олимлари томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган ечимлардан фойдаланиш, ўйлайманки, ҳар томонлама фойдалидир. Шу боис ҳам илмий тадқиқотларга алоҳида урғу бермоқдамиз.

KRANTAS GROUP” корхоналарида 60 турдан зиёд махсус техника, жумладан, автокран, самосвал, кран манипуляторлари, сув, кислота, ёнилғи ташувчи автоцистерналар, коммунал техника, автоустахоналар, автогидрокўтаргичлар, вагон-уйлар, чиқинди ташувчи, канал ювувчи машиналар, трактор ва универсал комбайнлар ишлаб чиқарилмоқда. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ушбу техника воситалари мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилмоқда.

Энди эса иқтисодиёт тармоқларида ишлатиладиган махсус техникаларнинг янги чизмалари ва уларнинг дастлабки моделларини яратиш, мавжудларини ривожлантириш бўйича амалий ва инновацион лойиҳалар танловлари учун илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси шакллантирилади. Танлов натижаларига кўра ғолиб топилган лойиҳалар асосида қурилиш ва йўл қурилиши техникалари, ёнилғи-мой ва бошқа турдаги суюқликларни ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган цистерналар, ёнғин хавфсизлиги махсус ускуналар, қутқарув техникалари ва ёнғинга қарши автомобиллар, портловчи моддаларни олиб юришга ва сақлашга мўлжалланган комплекслар хамда автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, шу жумладан, тракторлар, комбайнлар ва пахта териш машиналарини яратиш ва такомиллаштириш ишлари олиб борилади.