Халқимизнинг дунёга машҳур олимларидан Имом Бухорий “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деб айни ҳақиқатни айтиб ўтган. Асрлар ўтса-да, бу фикр сайқалланиб, нақадар тўғри эканини исботлаб келмоқда.
Президентимизнинг шу йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор асосида Андижон давлат университетининг Педагогика институти негизида Андижон давлат педагогика институти ташкил этилгани жамоамизни хурсанд қилди. Шу билан бирга, зиммамизга катта вазифа ва масъулият юклади.
Мамлакатимизнинг аҳоли зич жойлашган вилоятларидан бўлган Андижонда педагогика институти ташкил этилгани нафақат ҳудудда, балки водийда педагог кадрларга эҳтиёжни таъминлашга хизмат қилади. Қарорда ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчисини ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан хорижий давлатларга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамиятлидир.
Институтимиз талабалари ва педагоглари малакасини, меҳнат кўникмасини ошириш учун вилоятдаги қатор таълим муассасалари, жумладан, Андижон шаҳридаги 27-мактаб, 13-давлат мактабгача таълим ташкилоти, Андижон туманидаги 19-мактаб, Олтинкўл туманидаги 18-мактаб билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш, унинг узоқ ва ўрта муддатли стратегик дастурини тасдиқлаш ҳамда амалга оширишни назорат қилиб боришга эътибор қаратилмоқда. Институтимиз ўқув режалари ва таълим дастурларининг мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълими муассасалари дастури билан уйғунлигини таъминлаш ҳамкорлигимизни кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур қарорга асосан, олий таълим муассасамиз ҳузурида Андижон тумани педагогика коллежи ва академик лицей ташкил этилади. Коллеж ва академик лицей ташкил этилиши юқори малакали педагогларни тайёрлаш билан бирга, институтимизда фаолият кўрсатаётган илмий ходимлар салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда педагогларнинг нуфузини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Айниқса, илмий салоҳиятга эга мутахассисларимиз кенг имкониятларга эга бўлди. Бу эса олий таълим тизимида ўқитиш сифатини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда.
“Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда турдош олий таълим муассасалари қатори 2023–2026 йилларда Андижон давлат педагогика институтини ривожлантиришнинг белгиланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш учун жамоамиз ғайрат қилиб ишлайди. Ёш авлод таълим-тарбияси, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.