Зеро, таълим иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг муҳим омили сифатида давлат тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига туртки берадиган ўзига хос дастак вазифасини ўташи мумкин.
Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш жараёнида таълим хизматлари соҳасида ҳам самарали фаолият юритиш ва унинг ривожланишини таъминлайдиган инновацион йўналишларни аниқлаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис, ўқув муассасаларида истеъмолчиларни қаноатлантирадиган шарт-шароитни аниқлаш, маркетинг фаолиятини йўлга қўйиш, рақобат стратегиясини шакллантириш, кўрсатилаётган таълим хизматлари сифатини ошириш зарурати юзага келди. Бу эса ташқи ва ички муҳитнинг доимий мониторингини юритишни тақозо этади. Натижада келажакда таълим тизимининг рақобатбардошлиги ва сифатини тез ҳамда функционал таъминлашга қодир бўлган университетлар ва бизнес тузилмаларининг давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланиш мумкин. Талабалар учун кураш шароитида рақобатбардош муносабатлар тобора таълим хизматларининг барча соҳасини қамраб ола бошлади. Шунга монанд университетлар таълим бизнесида мустаҳкам ўрин эгаллашга ҳаракат қилаётир.
Мамлакатимиз таълим маконида ислоҳотлар жадал кечмоқда. Ўзгаришлар таълим тизимининг тузилиши ва функцияларига, шунингдек, мазмуни ва ўқитиш технологияларига таъсир кўрсатмоқда. Зотан, Ўзбекистоннинг замонавий таълим тизими мураккаб ташкилий тузилма бўлиб, унинг доимий янгиланиб бориши мамлакат ва аҳоли манфаатларининг ўзгариши, шунингдек, таълим-тарбия тараққиётидаги халқаро жараёнлар, глобал цивилизациянинг умумий тенденциялари билан боғлиқ.
Глобаллашув даври илғор олий таълим тизимини қуришимиз учун биздан тубдан янгича ёндашувларни талаб қилади. Жаҳон таълим маконида аниқ ўрин эгаллаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг миллий таълим тизими дунёда рўй бераётган ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнига мослашиши муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, юртимизда таълим сифати ва олий таълимга қамровни оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани катта воқеадир. Сўнгги беш йилда 100 дан ортиқ янги университет ташкил этилди. Ҳозир Ўзбекистондаги ОТМларнинг умумий сони 2016 йилдаги билан таққослаганда 2–3 баробар юқори кўрсаткичга етди. Олий таълимга қабул қилиш даражаси 2016 йилга нисбатан тўрт баробар ошди. Бундан тўрт йил аввал Ўзбекистонда чет эл университетларининг атиги 7 та филиали фаолият юритган бўлса, ҳозир улар сони 30 га етди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимида илмий-техникавий салоҳият етарли даражада юқори суръат билан тараққий этаётган бўлса-да, жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги пастлигича қолмоқда. Дунё мамлакатлари таснифига кўра, Ўзбекистон таълим тизими кам ривожланган давлатлар гуруҳига киради. Жаҳон давлатларидаги олий таълим тизимининг қиёсий таҳлилига қаралса, мамлакатимизнинг бундай ўрни олий таълим тизими ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга нисбатан ўсиш суръати пастлиги билан боғлиқ.
Ривожланган ва ривожланаётган олий таълим тизимига эга мамлакатлар билан солиштирганда энг паст кўрсаткич талабага тўғри келадиган харажатдир. Ўзбекистонда унинг қиймати 964 АҚШ долларини ташкил этади. Таълимга давлат харажати мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,92 фоизни, ривожланган мамлакатларда эса 6 фоиздан ортиқни ташкил этади. Олий таълим тизимини давлат томонидан молиялаштириш даражаси пастлиги билан бир қаторда, ажратилаётган бюджет маблағининг самарасиз сарфланиш ҳолати давом этмоқда. Бюджетдан ташқари молиялаштириш тизими эса шаклланиш босқичида.
Буюк Британия (13,92 фоиз), Франция (10,81 фоиз), Швейцария (18,42 фоиз), Австралия (20,42 фоиз) билан солиштирганда мамлакатдаги жами талабалар сонига нисбатан келган мобил талабалар сони атиги 5 фоизни ташкил этади. Бу эса маҳаллий таълимнинг жозибадор эмаслигидан далолат беради.
Барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлигини шакллантириш тажриба алмашиш, технология ва ахборот узатиш йўли билан билимлардан иқтисодий устунлик сифатида фойдаланиш имкониятини беради. Ташкилотлар, жумладан, давлат ва барча иқтисодий соҳаларнинг ўзаро ҳамкорлиги академик ҳаракатчанлик орқали таъминланади.
Олий таълим тизимини ривожлантиришнинг инновациявийлиги мамлакат халқаро рақобатбардошлигининг асосий омили бўлиб, уни университетлар ва давлат-хусусий шериклик доирасидаги тадбиркорлик тузилмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизми воситасида таъминлаш мумкин. Глобаллашув шароитида Ўзбекистонда олий таълим тизимини инновацион ривожлантириш стратегиясини шакллантириш орқали соҳани такомиллаштириш, жумладан, корпоратив-кластер ёндашуви доирасида бошқарувнинг инновацион шаклларини ташкил этиш, хорижий ОТМлар иштирокини кенгайтириш, мақсадли жамғарма (эндаумент фонд)ларни шакллантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, хусусий-давлат шериклиги доирасида тадбиркорлик тузилмаларини жалб этиш лозим.
Миллий илмий-таълимий инновацион кластерлар яратиш орқали Ўзбекистонда олий таълим тизимининг рақобатбардошлигини ошириш кун тартибидаги масаладир. Кластер деганда саноат корхоналари билан бирлаштирилган ва улар билан ҳамкорликда турли даражада ўзаро таъсир қилувчи таълим ва илмий муассасалар мажмуасини тушуниш мақсадга мувофиқ. Кластернинг инновационлиги унинг тузилмасида кўзга ташланади. Тузилма таркибига таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, технологиялар трансфери марказлари, илмий лабораториялар, технопарклар, қайта тайёрлаш марказлари, корхоналар киради.
Илмий-таълимий инновацион кластерларни яратишнинг ўзига хос хусусиятлари турли даражадаги рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, шунингдек, юқори малакали ишчилар нуфузини оширишни назарда тутади. Институтлар, олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқариш мажмуаларининг илмий, ўқув ва ишлаб чиқариш фаолиятини интеграциялаш жараёни инновацион иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Миллий илмий-таълимий инновацион кластерларини яратиш жараёни тизимнинг модели ва алгоритми, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш, натижаларни баҳолаш, интеллектуал мулк ва илмий бошқарувнинг аниқ тизимини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.
Халқаро таълим тизими субъектлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, илмий алоқаларни кенгайтириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигидаги ўзига хос устунликларни яратиш вазифаси турибди. Бу саъй-ҳаракатлар халқаро лойиҳа ва дастурларда, хорижий ОТМ ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан қўшма илмий-таълимий кластерлар доирасида тижорий алоқалар ўрнатиш кабиларни кўзда тутади. Зотан халқаро таълим кластерлари муайян тармоқ доирасидаги маҳаллий ва хорижий корхоналар, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва олий ўқув юртлари мажмуаси бўлиб, уларнинг мақсади миллий ва халқаро меҳнатда рақобатбардош, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича илмий ва таълим маконида халқаро фаолиятни кенгайтиришдан иборат.
Олий таълим тизимини молиялаштиришнинг инновацион дастурини яратиш орқали мамлакатнинг халқаро таълим бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш мумкин. Ушбу дастур олий таълимни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимига мақсадли халқаро хайрия жамғармалари маблағларини инвестиция тариқасида киритиш билан йўлга қўйилади.
Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология институти ректори