Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz га жойлаштирилди.
Унда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси 2030 йилга бориб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш асосий мақсад қилинган.
Ҳар уч йилда 1 марта маҳаллий илмий салоҳиятнинг давлат илмий-техник экспертизасининг ва фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларининг ҳалқаро аудит ташкилотлари томонидан мустақил фан аудити ўтказилади.
Шу билан бирга, вакоатли давлат органи томонидан йиллик мониторинг тизими йўлга қўйилиб, мустақил фан аудити натижалари билан уйғунлаштирилган илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тизими шакллантирилади.
Илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 2022 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизи миқдоригача оширилади. Бунда ажратилган маблағлар
- мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик муҳим йўналишларига мувофиқ илмий-тадқиқотларни ташкил этиш
- ва илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш бўйича илм-фанга оид давлат, ҳудудий, ва халқаро дастурларини ҳамда стартап лойиҳаларини давлат буюртмаси танловларига мувофиқ молиялаштиришга,
- янги ишланмаларни тижоратлаштириш,
- янги фан йўналишлари бўйича замонавий инфратузилмаларни ташкил қилиш,
- илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мунтазам янгилаб бориш,
- олий ўқув юртидан кейинги таълим (докторантура) институтини молиялаштириш каби режалаштирилган чора-тадбирларга йўналтирилади.
Илмий ташкилотларда форсайт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади ва форсайт тадқиқотлари ўтказиб борилади. Илм-фанда ўз-ўзини бошқариш тизимини йўлга қўйиш, илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар, фан намояндалар ва етакчи олимларнинг соҳадаги маъсулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича нодавлат-нотижорат ташкилотлар сифатида Фан жамиятлари ташкил қилинади.
Илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти кенгайтирилади. Бунда давлат буюртмаси доирасида корхона муаммоларининг ечимига қаратилган тематик лойиҳалар танловлари ташкил қилиниб, танлов натижаларига кўра тенг шерикликда молиялаштириш йўлга қўйилади. Натижада Хусусий тармоқ корхоналарининг илмий фаолиятни молиялаштиришдаги улуши салмоқли даражада ўсишига эришилади;
Илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг ишланмаларни тижоратлаштиришга ажратиладиган имтиёзли заём маблағлари жалб қилинади. Жалб қилинган маблағлар грант лойиҳалари кўринишида тадқиқотларни танлов асосида молиялаштиришга, инновацион корхоналар ташкил қилиш орқали янги ишланмаларни тижоратлаштиришга, илмий ва инновацион фаолият экотизимини ривожлантириш ва мамлакатда технологиялар трансфери марказларини ташкил қилишга йўналтирилади;
Илм-фан ва илмий фаолиятга хорижий давлатлар донор ташкилотларининг грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Шу мақсадда қатор халқаро илмий фондлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилади.
Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланади. Бунда янги механизмлардан бири сифатида давлат буюртмаси асосида тасдиқланган лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг камида 40 фоизини моддий-техник базага йўналтириш асосида ҳар бир илмий лойиҳа доирасида янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этилади. Хусусан, 2020 йилда кимё йўналишидаги 5 та институтда 17 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 7,0 млрд сўмлик, биология йўналишидаги 5 та институтда 9 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 4,4 млрд сўмлик замонавий илмий асбоб-ускуналардан иборат лабораториялар ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, муҳокама жорий йилнинг 22 майига қадар давом этади. Унгача қарор билан батафсил танишиб, фикр билдиришингиз мумкин.