Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар, шифокорлар, талабалар, стипендиантлар, академикнинг шогирдлари ва ҳамкасблари иштирок этди.

Тадбир аввалида академик Ёлқин Тўрақуловнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди. Анжуман давомида олимнинг ўзбек эндокринология мактабини шакллантиришдаги ўрни, биокимё, радиотерапия ва йод танқислиги касалликлари бўйича олиб борган фундаментал тадқиқотлари ҳақида маърузалар тингланди.

— Баъзи инсонлар бойлик орттиради, баъзилари эса миллат келажагини қуради. Ёлқин Тўрақулов ана шундай инсонлардан бири эди, — деди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов. — Бугун эришилаётган кўплаб ютуқларнинг пойдевори айнан ўша даврда яратилган.

Таъкидланганидек, академик Ёлқин Тўрақулов нафақат йирик олим, балки илм, таълим ва амалиётни ўзаро интеграция қилган кучли раҳбар сифатида ҳам тарихда қолган. У киши ўз фаолияти давомида бешта университетга ректорлик, икки йирик илмий марказга директорлик қилган.

— Устозимиз йод танқислиги касалликларини ўрганиш бўйича минтақавий илмий мактаб яратган, — деди Анвар Алимов. — Бу тадқиқотлар кейинчалик мамлакатимизда қабул қилинган қонун ва профилактика дастурларига асос бўлди. У киши юздан ортиқ шогирд тайёрлаган бўлиб, бугун улар нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатларида ҳам фаолият юритмоқда.

Анжуманда академикнинг инсоний фазилатлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Қайд этилишича, у киши моҳир нотиқ, кучли шахматчи ва ёшларни илмга бирлаштира олган устоз сифатида кўпчилик хотирасида сақланиб қолган.

Тадбирда сўз олган Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шухрат Боймурадов университетда академик хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум қилди.

— Тошкент давлат тиббиёт университетида академик Ёлқин Тўрақулов номида махсус стипендия таъсис қилинган, — деди Шухрат Боймурадов. — Ҳар йили 8 нафар бакалавр ва 1 нафар магистрант ушбу стипендияни қўлга киритади. Бунинг учун талабалар илм билан шуғулланади, мақолалар чоп этади, хорижий тилларни ўрганади ва устознинг ҳаёти ҳамда илмий меросини тадқиқ қилади.

Шунингдек, университет музейида академик ҳаётига бағишланган махсус бўлим ташкил этилгани, у ерда олимнинг талабалик давридан тортиб ректорлик фаолиятигача бўлган тарихий фотосуратлар ва ноёб материаллар жамлангани айтилди.

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, академик Ёлқин Тўрақуловнинг бой илмий мероси бугун ҳам ёш олимлар ва шифокорлар учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай хотира тадбирлари эса илм-фанга садоқат, устозларга ҳурмат ва миллий тиббиёт мактабининг давомийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шуни айтиш мумкинки, академик Ёлқин Тўрақуловнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси бугунги ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактаби ҳисобланади. У киши нафақат ўзбек эндокринологияси ривожига улкан ҳисса қўшган олим, балки илм-фан, таълим ва инсонпарварликни бирлаштира олган буюк шахс сифатида ҳам тарихда қолган.

Бугун Тошкент давлат тиббиёт университетида ташкил этилган бундай илмий-маърифий анжуманлар ёшларни илмга қизиқтириш, устозларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш ва миллий тиббиёт мактабининг бой меросини келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумот учун, академик Ёлқин Холматович Тўрақулов ўзбек эндокринология мактабининг асосчиларидан бири бўлиб, биокимё, йод танқислиги касалликлари, радиотерапия ва эндокринология соҳаларида йирик илмий тадқиқотлар олиб борган. У киши юздан ортиқ шогирдлар тайёрлаб, мамлакат тиббиёти ва илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.

Зулхумор Акбарова