Тадбирда сайлов кампанияси тадбирлари, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, шунингдек, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкалари ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, айни кунларда бир неча нуфузли халқаро ташкилотлардан кузатувчилар юртимизга ташриф буюргани ва улар ушбу сиёсий жараёнларга тайёргарлик ишлари билан танишиб бораётганликлари хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлган 37 та давлатда 54 та стационар сайлов участкалари ташкил этилган. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жакарта шаҳридаги Элчихонасида 13- сайлов участкаси жойлашган.
Илхам Сапутра ўз сўзида Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида биринчи маротаба иштирок этаётганини қайд этар экан, Марказий сайлов комиссиясига сайлови ўтказишда муваффақият тилади.
—Тан олишимиз керакки, биз Ўзбекистоннинг сайлов тизимини ўрганишдан жуда мамнунмиз,- деди Индонезия умумий сайлов комиссияси раиси Илхам Сапутра. — Чунки бу Индонезиянинг сайлов тизимида долзарб бўлган муаммоларни ўрганишга, муқобил ечимларни топишга ёрдам беради. Масалан, Индонезия ороллардан иборат бўлиб, 34 провинция ва 514 тумани бор. Шубҳасиз, ҳар 5 йилда бундай жойлашув билан Президент сайловини ташкил этиш логистика муаммоларни келтириб чиқаради ва биз бу борада Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг тажрибасини ўрганмоқчимиз.
Б.Хидирова,
«Янги Ўзбекистон» мухбири