Аҳоли бандлигини таъминлаш ва яшаш тарзини яхшилаш, иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтиришда ўрмон хўжалиги ҳам ўзига хос ўрин тутади. Айни пайтда мамлакатимизда бундай хўжаликлар ҳудуди 12 миллион гектарни ташкил этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 августдаги “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларини ижарага бериш тизими ишга тушди. 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор билан эса ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бу фаолият билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020-2022 йилларда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга фаолият йўналишига қараб 1 йилдан 10 йилгача бўлган муддатда ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаш тизими йўлга қўйилди.

Бундай имконият ва имтиёзлар ўрмон хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш билан бирга, мазкур тармоқда хусусий секторнинг ўрнини кенгайтириш, шу фаолият билан машғул юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги ана шундай хўжаликлардаги мавжуд ер майдони 366 минг гектардан ортиқни ташкил этади.

Ўтган йилда вилоятда 17 минг 663 гектар ер майдони 538 та жисмоний ва юридик шахсга инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан узоқ муддатга ижарага берилди. Жорий йилда бу борадаги режа 2 минг 600 гектар бўлса, айни пайтгача 79 гектар ер майдони хусусий секторга ижара учун тақсимланди.

Айни вақтда воҳада чўл ўсимликлари, бошқа турдаги дарахт ва бутазорлардан маданий ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Икки минг гектар майдонда ёнғоқзор, пистазор ва бодомзорлар ташкил этилмоқда. Ўрмон фонди ерларини ижарага бериш, иссиқхоналар қуриш орқали ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш орқали маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга эришилмоқда.

Ўрмон хўжалиги ҳақида сўз борганда кўпчилик мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етиштириш, парваришлаш, муайян табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш йўналишидаги тармоқни тушунади. Лекин бу ерда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш имконияти мавжуд.

Мисол учун, Қизириқ туманидаги Яккатерак ўрмон бўлимига тегишли ўрмон билан қопланмаган ер майдонида ишсиз ёшларнинг даромад манбаини шакиллантириш кўзда тутилган. Айни кунда манзилли режа асосида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг ҳар бири учун уч сотих ер майдонига иссиқхона қуриб берилмоқда.

Хусусан, жорий йил якунига қадар вилоятда ўрмон билан қопланмаган жами 22 гектар ерда иссиқхона қуриш ва 440 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

– Кўп йиллардан бери павловния кўчатини етиштиришни орзу қилиб юрардим, – дейди қизириқлик Азиза Мухторова. – Ҳозир менга ўрмон хўжалигидан 3 сотих ер майдони ажратиб берилди, ишни бошлаб юбордик. Натижада оила аъзоларим ҳам ишли бўлди. Эндиликда нафақат оиламга, балки халқимизга ҳам фойдам тегаётганидан хурсандман.

Бугунги кунда вилоятда қарийб 149 минг гектар ер ўрмон билан қопланган бўлса, шунинг бир қисми ҳайдаладиган, яна бир қисми боғ, узум ва тутзорлардир. Биргина Узун давлат ўрмон хўжалигида ўтган йилда 110 гектар ерда янги ўрмонзорлар барпо этилди. Айни пайтда бу ерда қрим қарағайи, каштан, павловния, оққайин сингари камёб дарахт кўчатлари парвариш қилиняпти.

– Йигирма турдан ошиқ манзарали, 15 турдан ошиқ мевали дарахт кўчатлари ва гул экяпмиз, – дейди хўжалик бош ўрмончиси Бозор Назаров. – Юртимизнинг баъзи ботқоқлик ҳудудлари бўш ётади. Ана шу ерларга экиш учун ботқоқ сарви дарахти кўчатлари ҳам етиштирилмоқда.

Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги ўрмон хўжаликларида турли доривор ўсимликлар ҳам экилган. Сурхондарёда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ўтган йили 329 тонна доривор ўсимликлар хомашёси тайёрланди.

– Биз бу ерда экилган бир дона заъфарон ўсимлиги пиёзчасини кавлаб кўрганимизда, икки йил давомида 50 дан ортиқ пиёзча ҳосил қилганини кўрдик, – дейди Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги директори Ориф Жабборов. – Келажакда биз бу ўсимликнинг ҳам гулидан, ҳам пиёзидан даромад кўрамиз. Айни пайтда таржиба сифатида лаванда, готти каби ўсимликлар экиляпти. Биз уларни хомашё эмас, тайёр маҳсулот сифатида харидорларга етказиб беришни мақсад қилганмиз.