Бугун 2021 йил 17 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ташкиллаштирилган “Маданий меросининг мажмуавий тузилмаси: Хива шаҳрида имконияти чекланган шахсларнинг фойдаланиш имкониятларини баҳолаш ва режалаштириш" мавзусида халқаро онлайн видео-конференция бўлиб ўтди.

Видео-конференцияда халқаро экспертлар Фернандо Алонсо, Елания Перес де Саузе, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Татьяна Трудолюбова, ЕТТБ вакиллари Дилбар Раҳмонова ва Азамат Маткаримов, Маданий мерос департаменти, Ичан-Қалъа музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Туризм ва спорт вазирлигини Хоразм бўлими ходимлари иштирок этди.

Конференцияни Фернандо Алонсо олиб борди. Жаноб Фернандо Алонсонинг таъкидлашича, Жаҳонда маданий мерос туризмининг ўсиб бориши ва кейинги йиллардаги Ўзбекистон сайёҳлик соҳасидаги сезиларли ўзгаришлар доим дунё аҳлининг диққат марказида турмоқда. Виза режимини либераллаштириш, туристик хизматларни ва тарихий ёдгорликларга етиб бориш имконини яхшилаш учун кўрилган чора-тадбирлар Ўзбекистонга сайёҳларнинг қизиқишини уйғотмоқда.

Кекса сайёҳлар ва жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган кишилар маданий туризмга кўпроқ қизиқувчилар тоифасига киради. Улар жаҳон туристик бозорининг етакчи улушини ташкил қилади.

Хива шаҳрини ва хусусан Ичан-қалъа музей қўриқхонасида имконияти чекланган кишилар ва кексалар учун шароитлар яратиш - бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада халқаро экспертлар гурухи ва ЕТТБ ходимлари тамонидан концептуали режа ишлаб чиқилган бўлиб, бўлиб ўтган онлайн конференцияда ушбу режа муҳокама қилинди.

Шунингдек конференцияда музейлар билан боғлиқ кўплаб масалалар муҳокама қилиниб, уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди.