Президентимиз жорий йил 9-январь кунги маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларимизни ватанпарварлик, миллий руҳда тарбиялаш ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида куюниб гапирди. Мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Йиғилишда шунингдек, барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.
Дарҳақиқат, маънавият масаласи шу даражада кўрилиши лозим бўлган долзарб масала эди. Зеро, бугунги ёшлар маънавияти билан боғлиқ муаммоларнинг ечим топиши эртамиз эгаларининг порлоқ келажагини таъминлайди.
Ўзбекистон республикаси давлат божхона хизмати ходимлари куни муносабати билан бўлғуси божхоначиларимизни маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонликнинг улар фаолиятидаги аҳамияти юзасидан суҳбатга тортдик.
Зилола ЎРАЛОВА, Божхона институти курсанти, 40 дан ортиқ танловлар, фестиваллар, спорт мусобақалари иштирокчиси.
“Ёшлар маънавиятига таҳдид - келажакка таҳдид”, “Соғлом авлод - соғлом келажак пойдевори” номли илмий китоблар муаллифи:
— Президентимизнинг ёшларга қарата “Ёшлар — Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси”-деган сўзлари биз ёшларнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади, десам муболаға бўлмайди. Бизга берилаётган имкониятларнинг келажагимиздаги ўрни беқиёс. Улар биз учун пойдевордир. Уни муҳташам қаср қилмоқ эса ўз қўлимизда!
Биз, божхона органлари ҳодимлари юртимизнинг иқтисодий ҳавфсизлигини ҳимоя қилар эканмиз, мустаҳкам иродали, ҳалол ва албатта, юксак маънавиятли бўлишимиз керак. Бунда биз, ҳодимлар ҳоҳ у Қорақалпоғистон Респупликасидаги “Даут-ата” ЧБПда бўлсин, ҳоҳ у Сурхондарё вилоятидаги “Денов” ТИФ божхона постида бўлсин, ҳоҳ у ДБҚ Божхона институтида хизматни олиб бораётган бўлсин, аввало унда ватанпарварлик ҳисси бўлиши, ҳалол ишлайман, мен юртимнинг равнақига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ғоя бўлиши лозим. Бу эса маънавий-маърифий тадбирлар орқали инсон маънавиятига сингиб боради. Шундай экан, ҳар бир инсон маънавиятида, шунингдек, биз божхоначилар маънавиятида маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамият беқиёс деб ҳисоблайман.
Мадраҳим Темиров, Давлат божхона қўмитаси Божхона институти курсанти, “Умрим баҳори” шеърий тўплами муаллифи:
Давлатимиз раҳбари биз, ёшларга кенг имкониятлар яратиб берган бир даврда, муносиб жавоб қайтармоғимиз, билдирилган ишончни оқламоғимиз, бу жабҳада эса ёшлар маънавиятини юксалтиришга асосий эътиборни қаратмоғимиз лозим. Бунда нималарга эътибор беришимиз керак? Биринчи ўринда, одоб-аҳлоқ, намунали ҳулқ-атвор. Агар фарзандларга оиладан туғри тарбия бериб борилса, келажакда жамиятга навфи тегаддиган, юксак маънавиятли, жонажон Ўзбекистонимиз учун фидойи йигит-қизларимиз етишиб чиқади. Бундан ташқари ёшларни адабиёт, санъатга қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, ташкил этилган турли ҳил тугараклар фаолият олиб борилишини рағбатлантириш ва албатта айрим сабаблар билан жиноят йўлига кирган ёшларни бу йўлдан қайтариш, уларнинг қалбига Ватан ҳисси нима эканлигини сингдириш, қизиқишларини ўрганиш, ишонч билдириш, яна бир бор имкон бериш жоиз деб ўйлайман.
Ҳаётингизда китобнинг ўрни нечоғлик, деган саволимизга ҳар иккала курсан тимизнинг жавоблари деярли шу тариқа бўлди:
“Китоб бу — барча эзгуликлар калити! Мен учун китоб мутолааси ҳаётимнинг бир қисмига айланган. Мени ёшлигимдан китоб мутолаа қилишга ота-онам қизиқтиришган. Ўзим ижодга яқин инсонлигим учунми, қанча кўп китоб ўқисам, шунча кўп маънавий озуқа оламан. Ҳар қандай жанрдаги бадиий асар инсон тафаккурини чархлайди. Китоб мутолаа қилиш мобайнида қалбингизда турли хил кечинмалар кечади: эзгулик, Ватанга муҳаббат, ёвузлик, разолатга қарши кураш каби туйғулар жўш уради. Энди ўзингиз айтингчи, китоб ўқиган, адабиётга ошно инсонлардан ёмонлик чиқадими...?
“Янги Ўзбекистон” мухбири Муножат Мўминова тайёрлади.