30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Президенти фармони асосида ташаббускор ва етакчи йигит-қизлар қаторида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим.
Бугун юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланаман, ўз бизнесимни бошлайман, деган одамга барча имкониятлар яратилган. Айниқса, ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга жуда катта аҳамият қаратилмоқда.
Ёш тадбиркорларга, экспортёрларга, айниқса, қорақалпоғистонликларга кўрсатилаётган эътибор мен каби минглаб ишбилармонларни янада жадал ишлашга ундаяпти. Чунки 7 йил солиқ ставкасининг ўзгармаслиги, транспорт логистикаси харажатларининг 70 фоизигача қопланиши, кредит олишда 75 фоиз кафиллик берилиши ҳамда олинган сертификатга сарфланган маблағнинг 100 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши бизники сингари кичик корхоналарнинг дунё бозоридаги йирик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишига имконият яратмоқда.
Фермер хўжалигимиз бир нечта халқаро сертификатга эга. 2023 йилнинг май ойида “YUKSALISH” умуммиллий ҳаракатининг Ўзбекистон Республикасидаги 30 та энг яхши ёш тадбиркори рўйхатига киритилдик.
Биласизми, қилаётган ишим тўғрилигини ва буни давлат қўллаётганини ҳис қилгач, олдимга қўйган мақсадларимни янада кенгайтирдим. Италия, Исроил, Япония ва АҚШдан Нукус шаҳрига ташриф буюрган тадбиркорлар билан учрашиб, 6 йиллик ҳамкорлик режалари тузиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни босқичма-босқич 20 баробар кенгайтиришни режа қилдим.
Шунингдек, 2022 йили Инновацион ривожланиш вазирлигининг start-up лойиҳалари доирасидаги лойиҳамни такомиллаштириш учун 1,1 миллиард сўм грант ютиб олганман. Ўтган йили фермер хўжалигим ушбу вазирлик томонидан ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши start-up лойиҳаси” номинацияси билан тақдирланди. Корхонамизнинг йиллик айланма маблағи 2018 йил 700 миллион сўм эди. 2023 йилда бу кўрсаткич 4 миллиард 310 миллион сўмни ташкил этиб, 150 ишчининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 40 нафарини ёшлар ташкил этмоқда.
Биз халқимиз ишончини оқлашга, юртимиз иқтисодиётини тараққий эттиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга доимо тайёрмиз.
Шерзод НИЯЗИМБЕТОВ,
“Биогумус” фермер хўжалиги раҳбари,
“Келажак бунёдкори” медали соҳиби