Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббуси ва юксак эътибори туфайли буюк муҳаддис, ислом оламининг бебаҳо маънавий меросини яратган улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг юксак мақоми ва беқиёс салоҳиятига муносиб равишда муҳташам ва замонавий мажмуа қайтадан бунёд этилди. Бу муқаддас маскан нафақат юртимиз, балки бутун ислом дунёси учун маънавий зиё манбаи, руҳий камолот тимсоли сифатида қад ростлади.
Эрта тонгданоқ қалби эзгу ниятлар, пок орзу-умидлар билан тўлган юртдошларимиз ушбу табаррук зиёратгоҳ сари интилиб, унинг файзидан баҳраманд бўлиш мақсадида ташриф буюришди. Бу маскандаги ҳар бир қадам, ҳар бир нафас инсон қалбига таскин, руҳига поклик бағишлайди.
Мамлакатимиз етакчисининг бевосита кўрсатмалари асосида амалга оширилган ушбу улкан бунёдкорлик ишлари аждодлар меросига бўлган юксак эҳтиром рамзи. Бой маънавий қадриятларимизни келгуси авлодларга етказиш йўлидаги мустаҳкам ироданинг ёрқин намунасидир. Бу мажмуа шубҳасиз асрлар давомида илм-маърифат, маънавият ва тарбия ўчоғи бўлиб хизмат қилади. Миллионлар қалбига эзгулик уруғларини қадайди.
Бугун ушбу муборак маскандаги янги ва муҳташам 10 минг сиғимга эга бўлган масжидда биринчи бор ҳайит намозини адо этиш мақсадида юртдошларимиз жам бўлишди. Бу йилги Рамазон ойи тарихий воқеаларга бой бўлгани, хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар, хайру саховат ишлари ва Ийдул Фитрнинг фазилатлари суҳбатларнинг асосини ташкил этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган уламолар, бош имом-хатиблар, нуронийлар, минглаб юртдошларимиз маҳобатли масжидда Ҳайит намозини адо этишди.
Дуолар ижобат бўладиган саодатли лаҳзаларда Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги жамоат Ҳақ таолодан бутун оламга тинчлик-омонлик, юртимизга қут-барака ва халқимиз фаровонлигини сўраб дуою илтижо қилдилар.