Мулоқот чоғида Фарғона вилоятининг Корея Республикаси билан ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди. 

Кореянинг Фарғона вилояти билан ҳамкорлик алоқалари бўлган хорижий давлатлар орасида ўрни беқиёс эканини таъкидлаган вилоят ҳокими, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг бу ҳамкорликни кучайтиришдаги хизматларини алоҳида миннатдорчилик билан эътироф этди.

Учрашувда Кореядан Инчхон шаҳрида Фарғонага тўғри тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш борасида ҳам сўз борди. Хайрулло Бозоров Фарғона водийси вилоятларини, шунингдек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларини Корея билан боғловчи бу рейснинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уни йўлга қўйиш борасида ҳар томонлама ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.

Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси раҳбари Эдвард Ким “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясидан ташқари Кореядаги авиакомпаниялардан бири билан ҳам бу борада музокара йўлга қўйилганини маълум қилди.

Шунингдек, йирик корейс қурилиш компанияси томонидан Қўқон шаҳрида Корея сифати ва технологияси асосида 5000 хонадонли турар-жой мажмуаси барпо этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ушбу компания вакиллари келгуси ҳафтада Фарғона вилоятига келадиган бўлди.

Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам фикр алмашилди. Ушбу университетнинг яқин йилларда Ўзбекистондаги энг нуфузли олийгоҳлардан бирига айланишини таъкидлаган Эдвард Ким, Фарғонада Корея тизимига асосланган мактабгача таълимдан то олийгоҳгача бўлган таълим жараёни шакллантирилишини билдирди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жорий йил сентябрь ойида Фарғона шаҳрида кореялик йирик ишбилармонлар иштирокида Ўзбекистон-Корея Бизнес форуми ўтказиш бўйича келишиб олинди.