Мазкур масжид очилишида Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов онлайн нутқ сўзлаб, Индонезия мусулмонлари томонидан улуғ муҳаддис Имом ал-Бухорийнинг номларига масжид барпо қилиниши икки халқ ўртасидаги биродарлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Масжид нақшларини яратишда Самарқанддаги Шоҳи Зинда зиёратгоҳидан андоза олинган, ғиштларини теришда Бухородаги Пойи Калон масжидига ёндашилган. Масжиднинг олд тарафида Ҳазрати Имом масжидидаги мавжуд миноралар каби икки минора қад ростлаган.
— Масжид ғояси ва дизайни Ўзбекистонга саёҳатимиз натижасида юзага келди, — деди Жакартадаги Истиқлол музейи эксперти, ҳаттот Саифуддин. — Масжиддаги турли хил услублар Ўзбекистон шаҳарларидаги биноларга ўхшайди. Бу иншоот икки мамлакат дўстлиги рамзи ва Ўзбекистоннинг кичик бўлаги бўлиб хизмат қилади.