Статистик маълумотларга кўра, Ер юзида 1 миллиарддан зиёд аҳоли ногиронликнинг бирор турига чалинган. Бу дунё аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Айни пайтда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар 896 минг (аҳолининг 2,5 фоизи)ташкил этади. Улардан 159 минг нафари 18 ёшгача бўлганлар, 518 минг нафари меҳнат ёшидаги ва 219 минг нафари пенсия ёшидаги шахслардир.

Президентимизнинг ўтган йили 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатида сўнгги йилларда имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Жумладан, “Инсон қадри учун” тамойили асосида Янги Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш, яъни аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар кечаётгани алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномасида эса ногиронлиги бўлган шахсларга “муаммоси бор инсонлар” деган қарашдан воз кечиб, уларнинг имкониятини кенгайтириш учун, аввало, ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштириш йўлидан боришимиз, бунинг учун имконияти чекланган фуқаролар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол қатнашиши учун “тўсиқсиз муҳит”, яъни қулай шароит яратиш зарурлиги белгилаб берилди. Бу борада қилинган ишлар мана шундай муҳитни яратиш учун етарли асослар шаклланиб келаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, кейинги йилларда Ўзбекистонда инклюзив жамиятни босқичма-босқич барпо этиш борасида мақсадли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган сертификат ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш механизми жорий қилинди.

Мамлакатимизда биринчи маротаба муҳтож аҳолини замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ахборот-коммуникация технологиялари асосида кўрсатиш бўйича махсус электрон дастурий таъминот — “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Унда тегишли вазирлик ва идораларга ногиронлиги бўлган шахслар томонидан онлайн мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, фуқаронинг иштирокисиз ногиронлик муддатсиз белгилаш механизмлари жорий қилинди. Мамлакатимизда ногиронликни белгилашнинг “ижтимоий” моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

“Тиббий-ижтимоий эксперт комиссия” электрон ахборот тизими такомиллаштирилди, вазирлик ва идораларга ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали электрон тарзда юборилиши йўлга қўйилди. Мурожаатномада белгиланган мақсад ва вазифаларнинг муайян қисми Президентимизнинг 2023 йил 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча  чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топди.

Таъбир жоиз бўлса, у 2017 йилдан рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли ишларнинг мантиқий ва узвий давомидир. Хусусан, 2026 йилгача юртимизда муҳтож фуқароларнинг замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш учун жорий йилда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ҳамда 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган 475 муҳтож шахсга ушбу мосламалар бепул берилди.

Фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига йўл қўймаслик мақсадида жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда улардан тиббий хулоса талаб қилинмаслиги кўзда тутиляпти. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларни ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ хабардор қилиш мақсадида жорий йилнинг июнь ойигача ушбу тоифадаги фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхати шакллантирилади.

Тегишли сайтларга қўйилади ва мунтазам янгилаб борилади. Ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш учун 2023 йилнинг июль ойига қадар улар бепул таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхати кенгайтирилади.

Жорий йил давомида Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказларини роботлаштирилган локомат мажмуаси ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминлаш режалаштирилган. Қарорда бошқа вазирлик ва идораларга аниқ-тиниқ топшириқлар белгиланган. Жумладан, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи 1 нафар фуқаро давлат идоралари хизматларидан (соғлиқни сақлаш, таълим хизматлари, давлат идоралари раҳбарлари қабулига кириш каби) навбатсиз фойдаланиши белгиланмоқда.

Болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканини аниқлаш учун уларни Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби бекор қилинмоқда. 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилувчи шахслар учун шароит яратиш мақсадида уларга касаллик варақаси ва бепул овқат берилиши кўзда тутилмоқда.

Ижарачи ногиронлиги бўлган шахс деб топилган ҳолатда ижара шартномаси тўхтатилишини назарда тутувчи қоида бекор қилинмоқда. Бундай қоида “Ижара тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида белгиланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини ошириш мақсадида улар учун адвокатлар томонидан профессионал бепул ихтиёрий юридик ёрдам (pro bono) кўрсатилишини ташкил этиш йўлга қўйилмоқда. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 5-7, 12-13-моддаларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳимоясини ташкил этиш зарурлиги кўзда тутилган.

Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатлари “Юридик ёрдам” ахборот платформаси орқали адвокатларга ихтиёрий равишда бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида етказилади. Қарорда белгиланган вазифалар бажарилиши натижасида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамиятни босқичмабосқич барпо этиш, аҳолининг барча қатлами сингари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига эришилади.