Суғориш тизимида сувни юқорига, яъни адирлик ерларига кўтариб экин экиш деҳқон ва фермерлар ўртасида ҳар доим муҳим ва мураккаб жараён ҳисобланган. Бундай амалиёт сув насосларидан фойдаланилган ҳолда бажарилганлиги сабабли, электр энергияси ва ёқилғи сарфи юқори даражада ишлатилиб келинар эди.

Aксарият ҳолларда, сувни юқорига кўтариб экинларни суғориш жараёнлари электр ва ёқилғи сарфининг харажатларини ҳар доим ҳам оқламаслиги мумкин. Бугунги кунда юзага келаётган ушбу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар Миллий офиси таркибидаги Aндижон тажриба-кўргазма майдони олимлари томонидан “инновацион чархпалак” орқали сув кўтариш мосламаси ишлаб чиқилди.

Бу қурилма орқали гидравлик зарбадан фойдаланган ҳолда сувни юқорига электр энергия ва ёқилғи сарфланмасдан кўтариш мумкин. У сув оқимининг кинетик энергиясини потенциал энергияга айлантириш ва автоматик тарзда ишловчи клапанлар ёрдамида импулсли гидрозарба ҳосил қилиш орқали ишлай бошлайди. Мослама ёрдамида сув камида 8-10 метр юқорига кўтарилиши таъминланади.

Aндижон тажриба кўргазма майдони олимлари буюртмасига асосан Фарғона механика заводи масъулияти чекланган жамият муҳандислари “Инновацион чархпалак” ишлаб чиқарди. Бу қурилма дала тажриба майдоннинг қирғоғидан оқиб ўтувчи сув ҳавзасига ўрнатилди ва синовдан ўтди. Яхши натижага эришилди. Келгусида мазкур қурилмани Корея технологиясига асосланган “ақлли иссиқхона” учун томчилатиб суғориш технологиясида қўллаш режалаштирилган. Aйни пайтда бу амалиётни жорий этишга киришилмоқда.