Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантирмасдан туриб тараққиётнинг навбатдаги босқичига ўта олмайди. Бу эса иқтисодий ривожланиш моделининг ўзгаришини талаб этади ҳамда миллий ва минтақавий инновацион экотизимни яратиш ҳисобига эришилади.

Маълумки, инновацион экотизимнинг асоси ва бош бўғини инновациялар ҳисобланади. Унинг энг  муҳим ҳалқаси илм-фанни бизнес билан боғлашга хизмат қилади. Аслида илмий янгилик тижорат маҳсулотига айлангандан кейингина инновация дейишга ҳақли бўлади. Унинг тижоратлаштириш жараёни билан эса тадбиркорлар шуғулланади.

 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, республикамизнинг 13 та тумани, шу жумладан, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманини инновацион ҳудудга айлантириш белгиланган. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирларини ўзида мужассам этган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси ҳозирги кунда ушбу тадбирларни жорий этиш ишларини ҳамкорликда йўлга қўймоқда.ди.

Айни пайтга қадар туманда 11 та инновацион лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларни молиялаштиришга вазирлик томонидан жами 10,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган. Бунга қиймати 10,2 миллиард сўм бўлган тижоратлаштиришга тайёрлаш бўйича 10 та ва 726,8 миллион сўмлик битта стартап лойиҳа киради. Шу кунгача 3 та лойиҳага 2,4 милиард сўм маблағ йўналтирилди.

 Кўпчиликка яхши маълум бўлган янтоқ ўсимлиги чўл ҳудудларида ўсади. Суғориладиган ерларда, йўл, ариқ, каналлар бўйларида, ташландиқ ерларда, экинзорларда бегона ўт сифатида ҳам учрайди.  Бўйи 40 – 110 сантиметр, тик, сершох, илдизи ер ости сувларигача етиб боради.

Лекин ҳозирги кунда нафақат Нишон туманида, балки воҳанинг деярли барча ҳудудларида витаминга бой, тўйимли озуқа хомашёси бўлган янтоқнинг 60-70 фоизи озуқага йўналтирилмасдан далаларда қолиб кетмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, янтоқдан тайёрланган ун озуқа бирлиги арпадан икки баробар кучли ҳисобланади.

Чорва озуқаси тайёрлашда янтоқ ўсимлигидан хомашё сифатида фойдаланиш мумкин. Лойиҳа ташаббускори бўлган “Шаҳинабону хазина баракаси” МЧЖ амалга ошираётган “Янтоқ ва қамишдан фойдаланиб, гидропоника усулида тайёрланадиган маҳсулот асосида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик хўжаликлари учун инновацион ем ишлаб чиқариш” лойиҳасига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 1,4 миллиард сўм пул маблағи ажратилмоқда. Унинг доирасида 58 та янги иш ўрни яратилади.

Аҳолини етарли даражада сифатли чорвачилик маҳсулотлари (гўшт, сут, ёғ) билан таъминлаш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу жихатдан, “Қуёнчилик кластерида етиштирилган гўштдан кенг ассортиментдаги экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида “Lucky-Rabbits” МЧЖ томонидан зотли қуёнларни инновацион технологиялар асосида ҳудудий иқлим шароитига генетик мослаштирилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади аҳолининг кам таъминланган қисмида “хонадонбай” усули орқали зотли қуёнларни кўпайтириш ва замонавий селекцияни ривожлантиришни кўзда тутади. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган фуқароларга 40 тадан қуён тарқатилади. Бунинг учун 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилади ва унинг ўзлаштирилиши 30 та янги иш ўрни яратилишига йўл очади.

Республикамизда ҳозирги кунда парҳезбоп нон махсулотларига талаб ортиб бормоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, соҳага янгилик бўлган, донли экинларни экструдация қилиш йўли билан улар таркибидаги барча моддаларни юқори босим ва иссиқлик жараёнида экструдердан ўтказиб, буғдой, жўхори, жавдар ва бошқа экинлар унидан нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, улар ички ва ташқи бозорларга етказиб берилади. Лойиҳа қиймати 439,84 миллион сўмни ташкил этади.

Маҳаллий шароитда етиштириладиган “Қаттиқ буғдой” навидан макарон ва қандолат маҳсулотлари учун ун цехи, “Жавдари” навидан қора нон ишлаб чиқариш цехи ҳамда уларни “Битта қишлоқ — битта маҳсулот” тамойили асосида қадоқлаш корхонаси лойиҳасини ташкил этиш инновацион ҳудудда амалга оширлаётган лойиҳалардан яна бири ҳисобланади. Унга 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида  25  фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланади.  

Ҳар бири 1,5  миллирд сўм маблағ билан таъминланаётган ва жами 50 дан ортиқ иш ўрни очилиши режалаштирилаётган “Аквапоника ускуналарини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш”, “Балиқ гўшти ва чиқиндиларини қайта ишлаш асосида балиқ уни, оқсили, филе ва “ОMEGA-3” ёғи ишлаб чиқариш”  лойиҳалари ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин.

Нишон тумани юртимизнинг энг қуёшли ҳудудларидан бири. Бугунги кунда табиатнинг сахий инъомидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, “Ҳароратни мўтадиллаштирувчи фаол нанокомпозицион қўшимчали плёнка ва қуёш концентратори ёрдамида ёқилғисиз иссиқхоналар ташкил этиш” ҳамда офтоб нурларидан электр қуввати ҳосил қилиш лойиҳалари  ана шу мақсадга хизмат қилади.

Маълумки, чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликлари — арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига, айниқса, катта зарар етказади. Биргина жорий йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари ҳудудида 16,5 минг гектар майдонга бу зараркунандага қарши кимёвий ишлов берилди.

Эндиликда чигирткалар махсус қопқонлар орқали тутилади,  йиғиб олинади,  инновацион технологиялар ёодамида қайта ишланиб, ун тайёрланади. Мазкур маҳсулот ҳозир жаҳон бозорида катта талабга эга. Унинг таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис, мазкур маҳсулотдан бутун дунёда парҳезбоп озиқ-овқатлар тайёрлашда фойдаланиб келинмоқда. Демак, бу лойиҳани жорий этиш туфайли экинлар зараркунандалардан халос бўлиши баробарида экспортга йўналтирилган маҳсулот  ишлаб чиқарилади.

Нишон туманида фаолият олиб бораётган “Merry-Cricket” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган мазкур маҳсулот хариди бўйича Саудия Арабистони ишбилармонлари билан экспорт шартномаси ҳам  имзоланди. Лойиҳани тижоратлаштиришга тайёрлаш мақсадида  жамғарма ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирмоқда.

Ҳозирги кунда ташаббускор тадбиркорлар томонидан бу ва бошқа лойиҳалар бўйича  амалий ишлар бошлаб юборилган. Келгусида вилоятнинг бошқа туманларини ҳам босқичма-босқич инновацион ҳудудларга айлантириш режалаштирилмоқда.

Санжар БЕРДИЕВ,

Инновацион ривожланиш вазирлигининг

тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни

 ривожлантириш бошқармаси бошлиғи