2018 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти негизида янгидан ташкил этилган Самарқанд ветеринария медицинаси институти иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутадиган ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун мутахассислар тайёрлаб бериши, меҳнат бозори эҳтиёж ва талаблари асосида фаолият кўрсатиши назарда тутилганди. Ўтган даврда таълим муассасаси жамоаси барча имкониятини ишга солиб, халқимиз ишончини оқлашга, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга интилди ва муайян маънода буни уддалади. Зотан, илмий фаолият, ўқув жараёни ва хўжалик ишларини юритишга оид муаммоли жиҳатларимиз ҳали бисёр.

Беш йил тарих олдида жуда қисқа муддат, аммо шу вақт давомида олийгоҳ нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари олий таълим муассасалари орасида ҳам ўзига хос нуфузга эга бўлди ва тан олинди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида институтимиз университетга айлантирилди ҳамда янги, замонавий йўналишларда мутахассислар тайёрлай бошлади.

Бу билан халқимиз олдидаги масъулиятимиз янада ошди, зиммамиздаги мажбуриятлар кўпайди. Шу билан бирга, соҳани чуқур ўрганган сари ундаги ютуқ ва камчиликлар, муваффақият ва имконият ҳақида муайян тушунчалар шакллана бошлади. Соҳага оид муаммоларни яққол кўра бошладик. Унинг ечими ҳақида аниқ-равшан тасаввур пайдо бўлди.

Бу анчадан бери тинчлик бермаётган ғояни рўёбга чиқаришга ундади. Биз, аввало, мутахассис тайёрлайдиган тизимни қайтадан янги билим ва тушунчалар асосида шакллантириб олишимиз зарур эди. Чунки жараённи кимлар бошқариши, қандай савиядаги мутахассислар тайёрлаш кераклиги ўта муҳим. Биз шу салоҳият, тушунча ва билимлар, қолаверса, шу одамлар билан Янги Ўзбекистонни қуришда иштирок этишимиз керак.

Шу боис, уларнинг билими ва тажрибасини ошириб, кўп изланиши, самарали ишлаши учун шароит яратиш, иқтидорини юзага чиқариш асосий вазифамиздир. 2022 йил сентябрдан — жорий ўқув йили аввалидан университетимизда ўта замонавий ва катта имкониятларга эга 9 та лаборатория ишга туширилди. Ўша паллада яна эски муаммолар билан тўқнашдик. Бу лабораторияларни ким юритади? Улардан фойдалана биладиган мутахассислар бизда етарлими ёки меҳмонларга намойиш этиладиган музей экспонатидек бўлиб қоладими? Кимда бу лабораторияларни ишлатиш лаёқати ва ихтисослиги бор, деган саволлар пайдо бўлди.

Аввалроқ лаборантлар, докторантлар, ассистентларнинг хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олиши, амалиёт ўташини йўлга қўйгандик. Қолаверса, режага асосан, замонавий виварий (ҳайвонлар клиникаси) очгандик. Мана шу имкониятларимизни уйғунлаштириб, илмий салоҳиятимиздан унумли фойдаланиш мақсадида янги лойиҳа бошладик.

Аввало, виварий ва лабораториялардан фойдаланган ҳолда илмий инновацион марказ фаолияти йўлга қўйилди. Олий аттестация комиссиясининг барча талабига жавоб берадиган камида 25 нафар мустақил изланувчи ва тадқиқотчи ҳамда ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори ёки фан номзоди илмий даражасига эга олимлар суҳбат орқали лойиҳага жалб этилади. Виварийимизга қишлоқ хўжалиги жониворлари, парранда ва фойдали ҳашаротларнинг амалиёт учун эҳтиёжимизга мос ҳар хил турини келтирдик. Ҳар бир тур билан ишлаш учун камида иккитадан мутахассис жалб этамиз.

Масалан, паррандачилик бўйича икки ветеринар юқумли ва юқумсиз касалликларни аниқлаш, икки зоотехник озиқлантириш технологияси, бир биотехнолог маҳсулдорлик ошиши учун парваришлаётганда қўлланадиган биотехнологик усуллар устида тадқиқот олиб боради. Демак, бир турдаги жониворни 5 нафар мутахассис чуқур ва тизимли ўрганади. Мутахассислар фаолияти қандай ташкил этилади, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Биз лабораториядаги ҳайвонлар сақланадиган вольер (махсус жой)ларга замонавий камералар ўрнатяпмиз. Ҳар бир жонивор бир календарь йили давомида 24 соат кузатувда бўлади. Мисол учун, унда касалланиш бошланиши, ривожланиши, профилактикаси, даволаниш жараёни, қўлланган муолажа усулларининг самарадорлиги — ҳамма-ҳаммаси қайд қилиб борилади. Натижа ва хулосалар солиштирилиб, мунтазам таҳлил қилинади.

Жараён ҳақида махсус илмий нашрларда ҳафталик, ойлик хулосалар чоп этилади. Бу тажриба натижасида ўнлаб долзарб илмий мақолалар эълон қилинади. Эксперимент жараёни ниҳоясига етгач, олинган натижалар молиялаштирилади ва амалиётга жорий этилади. Қолаверса, шу аснода мустақил тадқиқотчиларнинг диссертацияси ҳам ёқлаш учун тайёр шаклга келиб қолади. Бу фаолиятни инновацион илмий инкубатор дейиш ҳам мумкин.

Ҳар бир мустақил изланувчи йўналиши бўйича тадқиқот олиб борса, жуда қисқа муддатда камида 25 нафар ёш олимни тайёрлашимиз мумкин. Тадқиқотчи йўналиши бўйича тажрибалар ўтказади. Ҳар бир жараёндан таҳлил олиниб, таққосланади. Натижада тўғри текширилган, ҳаққоний тавсиялар пайдо бўлади ва плагиатга ўрин қолмайди. Қисқаси, назариядан фақат эксперимент ўтказиш учун фойдаланилади. Мустақил изланувчиларни танлаб олиш бўйича ҳам талаблар ишлаб чиқилган.

Жумладан, талабгор чет тилини В2 даражада билиши, Олий аттестация комиссияси талабига кўра, мутахассислигидан келиб чиқиб ҳимояолди имтиҳонини топширган бўлиши шарт. Қолаверса, номзод танлаган йўналишга қизиқиши, дастлабки зарур билим ва тушунчага эга, мустақил тадқиқот қилиш қобилияти шаклланган бўлиши керак. Лойиҳа учун танланган мустақил изланувчилар университетга тааллуқли одамлар бўлмаслиги ҳам мумкин.

Қаерда ишлашидан қатъи назар, лойиҳага жалб қилинган изланувчи, албатта, Самарқанд вилоятида муқим яшаётган бўлиши мажбурий талаб. У куннинг муайян қисмида келиб, камерадаги ёзувларни олиб, ўзига бириктирилган экспериментни мунтазам кузатиб бориши керак. Замонавий камералар тадқиқотчиларнинг смартфонига уланади. Талабгор куннинг исталган пайти келиб, лойиҳа билан танишиши, жараённи кузатиши мумкин. Бу, аввало, атрофдаги талабаларга ижобий таъсир кўрсатиб, уларни руҳлантиради, ихтисослигига қизиқишини оширади.

Қолаверса, амалиёт жараёнида олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари билан талабалар ҳам таништириб борилади. Бу эса, ўз навбатида, ўрганилаётган йўналишнинг янада қизиқарлилигини таъминлайди. Айни пайтда юртимиздаги яна бир неча олий таълим муассасаларида ветеринария йўналиши очилган. Уларда соҳа учун мутахассислар тайёрлайдиган профессор-ўқитувчиларга талаб катта. Илмий мактабимиздан етишиб чиқадиган ёш олимлар мамлакат бўйлаб барча ОТМларда фаолият кўрсатиши мумкин. Қолаверса, улар орасида соғлом рақобат муҳити шаклланади.

Ушбу илмий мактабни ўтаган тадқиқотчилар устоз кўрган, амалиётда тобланган, илмий ишнинг чинакам заҳматини тотган, қисқача айтганда, мактаб кўрган олимлар бўлади. Келгусида ўзлари ҳам ана шундай мутахассисларни тарбиялайди, плагиатга йўл қўймайди. Лойиҳанинг яна бир неча афзаллиги бор. Биз одатда докторантурада 3 йил ўқитамиз. Улар ҳар ойда камида 5 миллион сўмдан стипендия олади. Бу 3 йилда 180 миллион сўм дегани. Агар мустақил тадқиқотчиларнинг салоҳиятидан самарали фойдалансак, лойиҳани йўлга қўйиш натижасида давлат бюджетидан кетадиган 180 миллион сўм тежаб қолинади.

Шунингдек, ёқланган ҳар бир илмий ишни тижорийлаштириш масаласи ҳам бор. Агар унинг самарадорлиги ишлаб чиқарувчига исботлаб берилса, лойиҳа учун сарфланган маблағ қўшимча қиймат туғдиради. Қолаверса, университет бюджетига фойда ҳам келтира бошлайди. Ҳозир мазкур тизимни реализация қилиш жараёни бошланган. Лаборатория, виварий тайёр. Объектлар, жониворлар келтирилган. Мустақил изланувчилар билан суҳбат, танлов жараёни олиб борилмоқда. Ҳар бир тур учун қилиниши керак бўлган кундалик ишлар режалаштириб қўйилган.

Табиий фанларда илҳом келишини кутиб ўтириш ярамайди. Иш мунтазам ташкил этилиши керак. Ҳар кунлик юмуш вақтида бажарилиши, қайд этиб борилиши муҳим. Бугунги ишни эртага қолдирсак, тажриба ишида хатолик юзага келади. Табиий фанларда бирламчи материаллар, назариядан сўнг кундалик ишлар ҳар куни вақтида қайд этилиб, таҳлил қилиниб, хулоса чиқариб борилади.

Мазкур жараёнда тобланган мутахассислар бир қарашдаёқ жониворга нима кераклигини, қаери безовта қилаётганини билади. Ранги, кўринишига қараб ташхис қўйиб беради. Бундай мутахассислар бизга сув ва ҳаводек зарур. Шундагина хориждан катта пулга мутахассис чақиришга зарурат қолмайди. Бу — йирик лойиҳа. Иқтисодиётимиз учун фойдали ва самарали бўлиши билан бирга, ўқитиш сифати ошишига, рақобатбардош кадрлар тайёрланишига, таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашувига хизмат қилади.