Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фавқулодда ва мухтор элчилари билан учрашди. Инновацион ривожланиш вазирлиги биносига Ўзбекистоннинг 20 нафардан ошиқ дипломатик ваколатхонаси вакиллари ташриф буюрди.
Тадбир аввалида элчилар вазирлик биноси ва у ерда яратилган шароитлар, вазирликда доимий фаолият юритадиган кўргазма билан танишдилар. Инновациялар ва илм-фан уйи бўлмиш вазирлик инновацион ва илм-фан соҳасида хорижий ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай платформа экани ҳақида фикрлар билдирилди.
Учрашувда Иброҳим Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2018-2020 йиллардаги фаолияти натижалари ва келгусидаги режалари ҳақида маълумот берди. Фаол халқаро ҳамкорлик ишлари олиб борилаётган давлатлар сифатида Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Ҳиндистон ва Беларус эътироф этилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасида фан ва технологиялар бўйича имзоланган битим доирасида пандемия даврида COVID-19 га қарши кураш бўйича Хитойнинг “Anhui ZhifeiLongcom“ компаниясининг COVID-19 га қарши вакцинасининг III босқич клиник синовлари ўтказилмоқда. Вазир, ўз навбатида, яқин келажакда Ҳиндистон билан коронавирусга қарши вакцина яратиш бўйича ишлар амалга оширилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Россия, Туркия, Беларусь, Германия, Хитой, Ҳиндистон ва ЕАПИ (Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш Евросиё ассоциацияси) билан ҳамкорликда ўтказилган илмий танловлари натижаларига кўра, 17,4 миллиард сўмлик 44 та қўшма илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Вазирлик томонидан ёш олимларни танлов орқали етакчи хорижий илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкаларга жўнатиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, 2018-2020 йилларда илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларидан 232 нафар ёш олим етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилган.
И.Абдураҳмонов нутқининг якунида дипломатларимизга бир қатор таклифлар билан мурожаат қилди. Хусусан, хорижий давлатларнинг илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳаларида фаолият юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистон ёш олимлари ва тадқиқотчиларининг хорижда малака ошириш ва таълим дастурларида иштирокларини ташкил этиш, муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, технологиялар трансфери, стартапларни қўллаб-қувватлаш, инкубатор ва акселераторлар фаолиятини ривожлантириш зарурлигини қайд этди. Вазир хорижий мамлакатлар донорлигида тақдим этиладиган грант маблағларини жалб этиш долзарблигини айтиб ўтди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов икки давлат ўртасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ҳақида гапираркан, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан қўшма илмий лойиҳалар сонини кўпайтириш, қўшма стартап лойиҳаларни амалга ошириш заруриятига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Акмалжон Кучкаров технологиялар трансфери бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишларга, хусусан, Исроил компанияси билан ҳамкорликда шаҳар магистраль тизимларини таъмирлаш ишларига юқори баҳо бериб, бу амалиётни қўшни давлатларда ҳам жорий этиш масаласини кўтарди.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.