Томонлар қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳамкорликда стартап лойиҳаларни молиялаштириш, венчур молиялаштиришни ривожлантириш, ёш олимлар ва мутахассисларнинг хориж стажировкаларини ўтказиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, архитектура ва дизайн, машинасозлик, ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, Ер ҳақидаги фанлар, туризм, муқобил энергетика йўналишларида қўшма илмий лойиҳаларга танловлар мавзуларини шакллантириш ва уларни эълон қилиш масалалари ўртага ташланди. Элчи жаноблари борада Италиянинг тегишли вазирликлари – Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги, Университетлар ва тадқиқотлар вазирлиги мутасаддилари билан музокаралар олиб боришда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

И Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан эълон қилинадиган стартап лойиҳалари танловларини халқаро даражага кўтариш таклифини берди. Бу танловлар ғолиблари Ёшлар академияси жамғармаси ҳамда Италия Миллий инновацион жамғармаси томонидан молиялаштирилиши мумкинлиги қайд этилди. Бунда машинасозлик, дизайн. Текстиль, озиқ-овқат саноати, туризм ва муқобил энергетика соҳасидаги стартап лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги айтилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда венчур молиялаштиришни ривожлантириш учун хорижлик мутахассисларни жалб этиш ва халқаро тажрибани ўрганиб, татбиқ этиш лозимлиги борасида фикр алмашилди. Венчур молиялаштириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий қонунчиликни ишлаб чиқиш, венчур компаниялари ва фондлари учун малакали раҳбар ходимлар ва мутахассисларни тайёрлаш ҳамда инвестициялар киритиш учун Италиядан эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўз навбатида вазир архитектура, машинасозлик, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати, сунъий интеллект йўналишлардаги университетлар ва компанияларда мутахассислар ва ёш олимларнинг 6 ойгача бўлган стажировкаларини ўтказиш имкониятларини ўрганиш зарурлигини айтди. Юртимиз ёш мутахассислар ва олимларнинг стажировкалари харажатлари Ўзбекистон томонидан тўлиқ қопланиши ҳақида маълумот берилди.

Агостино Пинна барча таклифларни диққат билан тинглаб, бу борада тегишли сўровлар ўтказишини айтди. Икки давлат ўртасида инновациялар ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан эканини таъкидлади.

Учрашув дўстона руҳда ўтди.