20-21 апрель кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК)нинг 69-сессияси видеоконференция форматида ўтказилиб, унинг доирасида юқори даражадаги учта давра суҳбати ўтказилди. Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова даврий иқтисодиёт ва хусусий секторнинг роли муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маъруза қилди.

Тадбирда БМТ ЕИК Бош котиби ўринбосари Димитрий Мариясин, Финляндия "Sitra" инновацион жамғармаси раҳбари Jyrki Katainen, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирлиги вакили Наталя Стапран, Германия Иқтисодий масалалар ва энергетика федерал вазирлиги вазирининг ўринбосари Elisabeth Winkelmeier-Becker, UNIDO Атроф-муҳит ва энергия масалалари бўйича бошқарувчиси Mr. Stephan Sicars ҳамда БМТ тузилмаларининг бошқа юқори мартабали расмийлари иштирок этди.

Вазир ўринбосари ўз маърузасида Ўзбекистондаги инновациялар ва технологик соҳадаги эришилган ютуқлар, шунингдек, мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишга эришишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида урғу берди. Ш.Турдиқулова тадбир иштирокчиларига мамлакатнинг инновация ва илмий фаолият соҳасида амалга оширилаётган ишлар, инновацион ривожланишда хусусий секторни рағбатлантириш ҳамда кучли ва инклюзив миллий инновация тизимини қуриш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот берди.

— Ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда инновацион инфратузилма ва экотизим барпо этилди, инновацион ишланмалар ва илм-фанни молиялаштиришнинг замонавий механизмлари жорий қилинди, илмий-тадқиқот ишлари учун учун давлат харажатлари сезиларли даражада ошди, — деди вазир ўринбосари. — Ҳозир юртимизда илмий лойиҳаларни тижоратлаштиришга, ишлаб чиқариш ва илм-фан интеграциясига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ш.Турдиқулова бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимлари тўғрисида гапираркан, 2018–2020 йилларда тижорийлаштирилган илмий лойиҳалар умумий миқдори уч баробар ошиб, 107 млрд сўмни (тахминан 10 млн АҚШ долларини) ташкил этганини қайд этди. Бунда табиий ва сув ресурсларини тежаш, қишлоқ хўжалиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари бўйича лойиҳаларга кенг ўрин берилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги экологик ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, 34 та лойиҳага тахминан 5 млн АҚШ доллари йўналтирган. Мана шундай стартаплардан бири Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатларини камайтириш ва ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган «Оролдаги менинг боғим» лойиҳасидир.

Шунингдек, Ўзбекистондаги долзарб иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалаларни ҳал этиш, Орол денгизи фалокати оқибатларига қарши курашиш ва сув ресурсларини тежашга қаратилган илм-фан, техника ва инновация соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Германия, Россия, Туркия ва Беларусь билан халқаро илмий ҳамкорлик лойиҳалари доирасида 17 миллиард сўм қийматидаги 44 та қўшма илмий, амалий ва инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Илмий тадқиқотларни ҳамкорликда бажариш учун Хитой, Ҳиндистон, Россия, Туркманистон, Беларусь, Эрон ва Евроосиё уюшмаси билан илмий-инновацион лойиҳалар миқдорини уч баробар ошириш режалаштирилган.

Ўз навбатида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ЮНEСКО ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳа давлат идоралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш, илмий-инновацион маҳсулотлар ва хизматларни тижорийлаштириш учун турли институционал масалаларни ҳал этишни ўз олдига мақсад қилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастурининг (SPECA) барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида иқтисодий трансформация жараёнларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Пандемиядан кейинги вазиятнинг оқибатлари ва муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, миллий инновацион тизимни ишлаб чиқиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача инновацион ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Унда инсон капиталини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг муҳим ишлаб чиқариш тармоқларини трансформациялаш, давлат инновацион сиёсатини мустаҳкамлаш, инновацияларда хусусий сектор иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Ш.Турдиқулова пандемия оқибатларини бартараф этиш ва келажак авлод учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича халқаро ҳамкорлик ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

Назокат АБДУҚУНДУЗОВА,
Инновацион ривожланиш вазирлиги

ахборот хизмати раҳбари