Туркияда бугунги кунда 2 000 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг катта қисми Истанбул шаҳрида билим олмоқда.
Суҳбат чоғида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар томонидан қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Истанбул тижорат университетига ўзбекистонлик ёш изланувчан олимларни докторантурага ўқишга юбориш, Ўзбекистоннинг хориждаги қўлёзмалари нусхаларини (500 мингта) изланишлар учун олиб келиш, “Technoways” каби тадбирлар ғолибларини малака ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида Туркияга юбориш, олий ўқув юртлари учун ўқилиши шарт бўлган адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва ўзбек тилига ўгириш учун таржимонлар гуруҳини тузиш каби таклифлар ўртага ташланди.
Шунингдек, Туркия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий технологияларни ривожлантириш, Ўзбекистонда онлайн университетлар ташкил қилиш, Туркия кичик бизнеси вакилларини юртимизга жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш каби фикрлар билдирилди.
Инновацион ривожланиш вазири Ииброҳим Абдураҳмонов барча таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан имконият доирасида зарур ресурслар ажратилишини айтди. Шу билан бирга, юқоридаги ташаббусларни талабалар иштирокида амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, "Туркия университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ва докторантлар ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорлигида кўнгилли "Ишлар режаси" ишлаб чиқишга келишилди.
Вазир креатив таклифлар берган ва ташаббусларни амалга оширишда фаол бўлган ёшлар “Инновацион ғоя етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланишини қайд этди.