— Киши организмига сувараклар, гижжалар тушганда ва чумолилар чаққан пайтларда ҳам аллергик реакциялар кузатилади. Аллергик реакциялар кўпинча сариқ чумолилар чақишидан юзага келади: битта чумоли чаққанда қаварчиқлар ва ангионевротик шиш пайдо бўлади.
Улар тез, секин-аста содир бўладиган ва кечки реакциялар типида ривожланиши мумкин. Бир неча чумолининг бирданига чақиши бронхиал астма хуружи ва ҳатто анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин. Қон сўрувчи ҳашаротлар (чивинлар, каналар, бургалар) чаққанда киши организмига ҳашарот сўлаги тушади. Унинг таркибида эса заҳарли моддалар билан бир қаторда аллергик реакцияларни келтириб чиқарувчи моддалар ҳам бор.
Чивин чақиши натижасида тез содир бўладиган ва секин-аста содир бўладиган реакциялар юз бериши мумкин. Уй пашшалари ҳам Е иммуноглобулини билан боғлиқ аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин. Суваракларга нисбатан аллергик реакциялар кўпинча аллергик дерматозлар, қаварчиқлар, ринитлар, бронхиал астма кўринишида юзага келади.
Суварак аллергенлари уй чангида бўлиши ва нафас йўлларининг аллергик касалликлари ривожланишига туртки бўлади. Аллергенларнинг манбаи — бу нобуд бўлган сувараклар тана қисмлари, сўлаги, ахлати бўлиши ҳам мумкин.