Низом Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.

Реестр ваколатли орган (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) томонидан шакллантириладиган рўйхатдан иборат бўлиб, унга қуйидаги маълумотлар киритилади:

  • харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартлар асосида давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари тўғрисидаги;
  • мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар ҳақидаги, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;
  • давлат харидлари жараёнида ёлғон ёки сохта ҳужжатларни тақдим этган, айни битта лотда иштирок этган аффилланган шахслар ёки манфаатлар тўқнашуви тўғрисида маълумотларни очиб бермаган иштирокчилар тўғрисидаги;
  • суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар тўғрисидаги.

Инсофсиз ижрочи Реестрга киритилганидан бошлаб 2 йил муддат ўтгандан сўнг автоматик тарзда Реестрдан чиқарилади.

Инсофсиз ижрочи суднинг тегишли қарорига кўра Реестрдан чиқарилиши мумкин.