Низомга кўра, ижтимоий хизматлар зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун ҳимоя қилиш режасига мувофиқ кўрсатилади.
Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун индивидуал интеграция режасига мувофиқ кўрсатилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига қуйидаги шаклларда ижтимоий хизматлар кўрсатилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун:
- 6 ойгача бўлган муддатга қисқа муддатли ижтимоий хизматлар;
- 1 йилгача бўлган муддатга узоқ муддатли ижтимоий хизматлар;
- 1 йилгача бўлган муддатга туну кун кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари учун "Меҳрли оила" хизмати.
Ижтимоий хизматлар кўрсатиш истагини билдирган ЯТТ ёки юридик шахслар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимининг ("Ижтимоий ҳимоя" АТ) Ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг ягона реестрига киритилиши лозим.
"Ижтимоий ҳимоя" АТда рўйхатдан ўтиш учун талабгор томонидан сўровнома тўлдирилади.
Сўровнома 10 иш куни ичида талабгорнинг қуйидаги талабларга мувофиқлиги бўйича ўрганиб чиқилади:
- талабгорда камида 2 нафар психоижтимоий хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг мавжудлиги ва уларнинг камида 1 йиллик иш стажига эга бўлиши ҳамда соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотноманинг бўлиши;
- бино ва иншоотларда санитария ҳолати таъминланганлиги.
Сўровнома тасдиқланганидан сўнг талабгор Ягона реестрга киритилади ва бу тўғрисида унинг "Ижтимоий ҳимоя" АТдаги шахсий кабинетига электрон хабарнома юборилади.