Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш, Асосий қонунимизга айрим ўзгартишлар киритиш бўйича қизғин жараён изчил давом этмоқда. Бу борада барча қатлам вакиллари, сиёсатчилар, мутахассислар, зиёлилар, қўйингки, кенг жамоатчилик фаол бўлиши табиий.

Шу ўринда халқимиздан келган ва сараланиб, комиссия томонидан маъқулланган ҳолда, Конституциямизнинг айнан 53-моддасига киритилиши тавсия қилинаётган нормаларга эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, таҳлил гуруҳи томонидан келтирилган, асосланган бу таклифлар, том маънода, доим меҳнат қилиб, даромад топган, оиласини боқиш билан бирга бошқаларни ҳам иш билан таъминлаган, ўз маблағи ҳисобидан фаолият юритиб, айрим ҳолларда кредит ҳам ололмасдан, инсофсиз рақобатни бошдан кечирган, монопол корхоналарнинг тўсиқларига учраган ўрта синф вакиллари бўлмиш тадбиркорларнинг азалий, кўнглидаги орзу-истакларидир.

Эътибор қаратсак, Конституциямизда “тадбиркорлик” сўзи атиги иккита моддада учрайди. Шу маънода, қайд этилган моддага “Давлат хусусий тадбиркорликнинг ривожланишига қаратилган инвестициявий муҳитни шакллантириш учун шароит яратади”, “Хусусий мулкнинг кафолатланганлиги, унга нисбатан тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, хусусий мулкнинг дахлсиз эканлиги” ҳақидаги нормалар киритилиши кутилмоқда.

Ҳаётда хусусий мулкка нисбатан турли тажовузлар кузатилганда, тадбиркорларнинг мулки ёки биноси бузилганда ёхуд жамият манфаатлари учун олиб қўйилган ҳолатларда компенсация — зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилмасдан қолиб кетган пайтлар бўлган. Бу эса уларнинг зарар кўришига, молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келган.

Асосий қонунимизга яна бир янги — “Инсофсиз рақобат ва монополлаштиришга йўл қўйилмайди” деган норма киритилиши кутиляпти. Бу эса, биринчи навбатда, тадбиркорлар олдида турган энг мураккаб ва кўзга кўринмас тўсиқлар олиб ташланиши, умуман, иқтисодий фаолиятда бунга йўл қўйилмаслигига қаратилгани билан аҳамиятли.

Хориж тажрибасига эътибор қаратсак, Болгария, Венгрия, Грузия, Қозоғистон, Жазоир ва бошқа кўплаб давлатлар конституцияларида ҳам худди шундай меъёрлар мустаҳкамланганига гувоҳ бўламиз. Мамлакатимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тузилганига келаси йили йигирма йил тўлади.

Бу, албатта, кичкина муддат эмас. Электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар инсофсиз рақобат бозордаги тенгсизликка олиб келишини жуда яхши тушунади. Ҳақиқатан, инсофсиз рақобат носоғлом депсинишлар, нарх-навонинг асоссиз ошишига олиб келади.

Шу маънода, шубҳа йўқки, тадбиркорларимиз Асосий қонунимизда бундай нормалар бўлишини кўпдан бери кутаётгани аниқ ва шу каби таклифларнинг аксарияти айнан улардан келиб тушган. Инсофсиз рақобатга, яъни монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги мамлакат инвестициявий муҳитини яхшилашда бевосита иштирок этадиган тадбиркорлар учун жуда катта имконият.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида қайд этилганидек, “Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади”.

Шунингдек, ишбилармон ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича қўйилган вазифаларнинг конституциявий кафолатларини кучайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, нафақат йирик, балки кичик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги ишбилармонлар ҳам шу инвестициявий муҳитнинг бир қисми саналади.

Бугун мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 58-60 фоизини тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаряпти. Уларда эса жами иқтисодий фаол аҳолининг 78-82 фоизи ишлайди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Ишончимиз комилки, юртимизда муносиб инвестиция муҳити яратиш ва монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, бу борада фундаментал нормаларнинг бевосита Конституциямизда мустаҳкамланиши иқтисодий, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш баробарида, экспорт салоҳиятини кучайтириш, жаҳон рейтингида биринчи қирқталикдан жой олишимизга мустаҳкам асос яратади.