Жорий йилнинг 11 май санасида имзоланган “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунга кўра, Тирик донордан ёки инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш фақат бошқа жарроҳлик амалиётлари ёки муолажалар реципиент ҳаётини сақлаб қолишни ёхуд унинг соғлиғи тикланишини кафолатлай олмаган тақдирда қўлланилиши мумкин. Бу қоида Қонуннинг 9-моддасида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ҳужжатнинг 8-моддасига биноан, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса даволовчи шифокор, трансплантолог, анестезиолог, невропатолог, зарурат бўлганда бошқа ихтисосликлардаги шифокорлардан иборат таркибдаги мутахассис-шифокорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда берилади.

Амалдаги тартибга асосан, донор сифатида беморга трансплантация қилиш учун органлари, тўқималари ва (ёки) хужайраларини ўз ихтиёри билан бераётган инсон тушунилиб, уч йилдан ортиқ никоҳда бўлган эр-хотинлар ва уларнинг олдинги турмушидан бўлган фарзандлари, тўғри ва ён тарафдан бўлган қариндошлари, шунингдек ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил, ўгай қиз ва оила ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фарзандликка олинган болалар тирик донор бўлиши мумкин эди.

 Янги Қонунга мувофиқ, трансплантация реципиентнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

— Ҳужжатнинг 10-моддасига кўра, трансплантацияга розилик бераётганида реципиент бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида имзо қўйдирилиб огоҳлантирилиши керак.

— Ушбу жараён мажбурий тартибда видеоёзувга қайд этилади. Агар реципиент ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёхуд реципиентнинг ўзидан розилик олишнинг имкони бўлмаса, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси унинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилининг ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Шунингдек, ҳужжатнинг 11-моддасида инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши белгиланган.

 Инсоннинг мурдасидан олинган аъзолардан ва (ёки) тўқималардан барча муҳтож шахсларга трансплантация қилиш учун фойдаланилиши мумкин. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан тегишли розиликсиз олиш қонунга хилоф ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда, инсон бош миясининг ўлимини қайд этиш асосида бериладиган ўлим тўғрисидаги хулоса мавжуд бўлган тақдирда, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари унинг мурдасидан трансплантация учун олиниши мумкин.

Инсон бош миясининг ўлимини қайд этишда трансплантологларнинг ҳамда инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни таъминловчи бригадалар аъзоларининг иштирок этиши Қонун билан тақиқланади. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.