Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий вазифаси – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган адолатли фуқаролик жамиятини қуриш орқали фуқароларнинг фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган асосий қўшимчалар қаторида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги янгиликлар муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакат мустақилликка эришган пайтда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўлим жазосини назарда тутувчи 30 дан ортиқ моддалардан иборат эди. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилги Жиноят кодексида бундай моддалар сони 13 та, 1998 йилда 8 та, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилди. 2003 йилда жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, фақат икки турдаги жиноят жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси назарда тутилган эди.
Мамлакатда жамият ва давлат ҳаётини демократик жиҳатдан янада янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш борасидаги ислоҳотларнинг моҳияти ва мазмуни, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш бўйича олиб борилган ишларнинг натижалари жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинишини ҳамда уни умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши зарурлигини тақозо этди. Хусусан, Ўзбекистонда фавқулодда жазо чораси сифатида ўлим жазоси Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан бекор қилинган бўлса-да, аммо бу норма давлатимизнинг асосий Қонунида ўз аксини топмаган эди. Янги конституциямизнинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши мустаҳкамланди.
Афсуски, жаҳон амалиётида ҳамон шахсни қийноққа солиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари учраб турибди. Асосий қомусимизнинг 26-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ҳеч қандай баҳоналар зўравонликни, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситилишини оқлашга сабаб бўла олмайди. Тергов ёки суд иш юритуви жараёнида шахс гумон қилинаётган ёки оғир жиноят содир этганликда айбланаётган ҳолларда ҳам бундай усуллардан фойдаланиш бутунлай тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси учинчи қисмида эса, “ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас”лиги белгиланган. Конституцияда белгиланган мазкур норма жиноят қонунида:
биринчидан, шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш (инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш ЖКнинг 133 -моддаси);
иккинчидан, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантант) ёки мурданинг қисмларидан фойдаланиш мақсадида қасддан одам ўлдиришни, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантант) мақсадида қасддан баданга оғир шикаст етказишни жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятлар деб баҳолаш учун асос бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўпчилик ватандошларимизда ҳуқуқий онг ва саводхонлик етарли даражада эмаслиги сабабли улар ўз ҳуқуқларини, хусусан, тергов жараёнида ўзларини қандай тутишни билишмайди. Бундай ҳолларда одамлардан ўзларининг айбсизлигини ёки жиноятга алоқадор эмаслигини исботлаш талаб қилинмайди. Тергов органлари ёки суриштирув органлари буни исботлашлари лозим.
Германияда айбланувчининг сукут сақлаш ҳуқуқи 1879 йилда Жиноят-процессуал кодексида мустаҳкамланган. Францияда Миранда қоидаси 1993 йилдан бошлаб татбиқ этилганлигини, Россияда Миранда қоидаси фақат Жиноят-процессуал кодексида белгиланганлигини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, ЖПКнинг 226-моддасида ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этиши, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда, ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкинлиги мустаҳкамланган.
Аксар ҳолларда, шахс ўзининг процессуал ҳуқуқларини фақат жиноят содир этишда гумон қилиниб, қамоққа олинишига дуч келганида билиб олади. Ҳар бир шахс бундай конституциявий ҳуқуққа эга эканлигини айблов қўйилишидан кейин эмас, балки ундан олдин билиши лозим. Миранда қоидаси жиноят ишини объектив тергов қилиш ва ўзбошимчаликнинг, шунингдек тергов органлари томонидан ноқонуний усулларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қатор мамлакатлар, жумладан Туркия, Швейцария, Испания, Польша, Грузия конституцияларида Миранда қоидаси қонунан тартибга солинган. Бу ҳам бежизга эмас, чунки асосий қонунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтиришга оид нормалар белгиланиши лозим. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизнинг энг олий қадрияти бўлиб, ишонч билан айтиш мумкинки, янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Дилноза Каракетова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси