Хусусан, Конституциянинг 13-моддасини “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди.
Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарамақаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб тўлдириш таклиф қилинаётганлиги ҳам юртимизда инсон ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматига эътибор берилаётганлигидан далолат бериб турибди.
Сўнгги тўрт йил мобайнида Ўзбекистон Республикасида олиб борилган изчил ислоҳотлар ижтимоий ҳаёт, иқтисод, маъориф билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари соҳасини ҳам қамраб олди. Мамлакатимиз фуқаролари ўз фаолиятларида бундай ўзгаришларга гувоҳ бўлиб турган бўлсалар, дунё ҳамжамияти БМТ Бош Aссамблеясининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига Ўзбекистонни тарихда илк бора сайлаши орқали гувоҳлик берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми дунё ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни инсон ҳуқуқлари билан таништириш ҳамда ёшлар орасида инсон ҳуқуқлари тушунчаларини кенг тарғиб қилиш ва ўқитиш учун асосий йўналишларни белгилаб берди. Пандемия сабабли веб-форум форматида ташкил этилган тадбирда БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Кенгаши каби қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон ва ўн бешдан зиёд хорижий мамлакатдан етти юз элликдан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Жорий йилнинг 22 июнь санасида имзоланган Президент Фармони билан мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Бу Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш бўйича ташланган навбатдаги дадил қадам, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек 2020 йил 2 мартда Президент Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, вазирлик ва идоралар зиммасига юкланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш бўйича олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий йўналишлари, яқин келажакда бажарилиши кўзда тутилган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгиланган.
Стратегияда 5 асосий йўналиш кўрсатилган:
шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг механизмларини такомиллаштириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводҳонликни ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.
Асосий Конунимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Чунки бундай даражадаги ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш, қабул қилиш ва унча-мунча тасаввурлардаги ишлардан ҳам масъулиятлироқ ва мураккаброқки, буни англаш учун биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрларини яна бир бора ёдга олиш ўринли: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Асосий Қомусимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халкимиз тафаккури ва ижодининг махсулидир".
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқларлари ҳамма даврларда диққат марказида бўлиб қолган. Ҳар доим инсонлар ўз шаъни ва қадр-қиммати учун кураш олиб борганлар. Юқорида айтиб ўтганимиз Конституциямизнинг 13-моддаси тўлдирилаётганлиги ҳам юртимизда инсон ҳуқуқларига берилаётган эътибор десак муболаға бўлмайди.
Нодир Муҳиддинов,
ТДЮУ Ихтисослаштирилган
филиали Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси