Юксакликда қанот қоқар хаёл қуши мағрур, хуш,
У билади – бургут етар шавқли парвоз қадрига.
Кимдир айтар: «Мағрур бўлма! Ҳовлиқмагин, пастга туш!»
Ўшал кимса йўлиққайдир қадрсизлик дардига.
Ўз қадрини билса ўзбек ўзгага қул бўлмагай,
Ҳуқуқини англаса ким, бошқага бергай имкон.
Юракда эрк ўти ёнса, ул куюб кул бўлмагай,
Озод Ватан яшар абад, обод бўлар бу макон!
Инсон қадри писта пўчоқ эди қай бир замонда,
У давронлар энди тарих, асло ортга қайтмагай.
Буюкликнинг ўқин отар «ўзбек» отлиғ камонда,
Шавкатли юрт фарзандлари «Оҳ, қадрим!» деб айтмагай.
«Зўр китобхон минар мошин!» – янграр хуррам хитоблар,
Билимдонлар беллашгайдир дунёларни унутиб.
Мутолаа улуғланар, хор бўлмагай китоблар,
Маҳаллада, оилада ўқишар кўзга суртиб.
Чўнг мусибат кетмоғи шарт, у кезинди узоқ вақт,
Дунё гўё сукунатда – бийрон тиллар банди – гунг.
Қадрин сўраб қарор кутгай халоскор руҳ, қатъий аҳд,
Жасоратга тўлса кўнгил аригайдир армон, мунг.
Бир кун келиб, бўрон елиб, кўкрак кериб бўлгум бой,
Сўзлагайман олам узра эркин, ҳур тилим билан.
Тугатилар камбағаллик, муаммо бўлмас уй-жой,
Инсон қадри пул биланмас, ўлчанар билим билан.
Ноҳақликка норозилик, туғилмаса эътироз,
Инсон зоти қадрланмас, сепилмас бахт уруғи.
Зиёлиси забардаст эл топгуси иззат-эъзоз,
Юрт қаддини тик қилгайдир бутун халқнинг улуғи.
Мамнун ботар, кулиб чиқар ҳар оқшом, ҳам ҳар саҳар,
Қуёш сочиб бахт шуъласин азим боғу бўстонда.
Жўр овозда куйлагайдир ҳар қишлоқ, ҳам ҳар шаҳар,
Инсон қадри ашуласин Янги Ўзбекистонда!
Муҳаммад ВАЛИ.