Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси “Инсон қадри учун 100 та мақсад”ни ўз ичига олган. Шундан 11 таси бевосита тиббиёт соҳасига дахлдор. Стратегияда тиббиёт тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолига янада яқинлаштириш, бир сўз билан айтганда, халқимизни рози қилиш бош мезон этиб белгиланди.
Соҳага доир мақсадлар бирламчи тизимда аҳолига малакали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослашган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш каби устувор вазифаларни амалга оширишни кўзда тутади
Зиммамиздаги вазифаларнинг энг биринчиси — бирламчи тизимнинг аҳоли саломатлигини яхшилашдаги ўрнини ошириш, маҳаллабай ишни ташкил қилган ҳолда, хонадонлардаги 40 ёш ва ундан катталар орасида саратон, бўқоқ, қандли диабет, юқори қон босими, инсульт, инфаркт каби касалликларга чалинганларнинг мақсадли диагностикасини ўтказишни назарда тутади.
Тиббиёт ходимларига касалликларни эрта аниқлаб, тизимли даволашни йўлга қўйиш топшириғи берилган. Бу аввалги йилга нисбатан уч баробар кўп. Албатта, келгуси беш йил давомида оилавий шифохона ва поликлиникалар сони ҳам ошади.
Олдимизга қўйилаётган яна бир асосий вазифа соғлом зурриёдларнинг дунёга келишини таъминлаш ҳамда оналар саломатлигини сақлашдир. Шу мақсадда мамлакатимиз бўйича 46 та махсус туманлараро перинаталь марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бола туғилганидан кейин, айниқса, бир-икки ой орасида уни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Болалар шифохоналарининг сонини ошириш, поликлиникаларда педиатрларни махсус ўқитиш ва уларнинг сонини кўпайтиришни кўзда тутганмиз.
Кейин белгилаб берилган йўналиш трансплантация амалиётидир. Ҳозир юртимизда оғир жарроҳлик йўли билан буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. 2021 йилнинг ўзида 230 та шундай амалиёт ўтказилди. Аммо улардан фақат 30 таси ҳудудларда — тўртта вилоятда амалга оширилди. Қолгани эса Тошкентдаги ихтисослаштирилган марказларда қилинди.
Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйган асосий талабларидан бири ҳам шу каби оғир, мураккаб, юқори технологик операцияларни ҳудудларда, биринчи навбатда, вилоятларда, кейин эса туманларда, етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда
амалга ошириш масаласи қўйилди. Биз хорижда ва республика марказида фаолият олиб бораётган малакали мутахассисларни жойларга тизимли равишда юборган ҳолда, аҳолига ҳудудларнинг ўзида сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўямиз.
Биргина шу мақсаднинг ўзига жорий йил давлат бюджетидан биринчи марта 600 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ҳисоб-китобларга қараганда, тиббий хизматга муҳтож бўлган 100 мингдан ортиқ юртдошимизга тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилади. Белгиланган стратегияда аҳолига сифатли диагностика хизмати кўрсатиш, шу мақсадда Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг барча туманларида, қолаверса, республиканинг иккитадан туманида энг замонавий лаборатория тизимини ташкил қилиш ва бу мақсадга аутсорсинг тизимини жорий қилиш масаласи белгилаб берилди.
Шунингдек, стратегияда тиббий суғурта тизимини жорий қилиш белгилаб берилган. Ҳозир бу тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалиётга татбиқ этилмоқда. 2023 йилдан бошлаб тиббиёт суғуртасини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилиш энг катта вазифалардан биридир. Олдимизда турган яна бир катта йўналиш — ҳомиладор ва эмизикли оналарни йод маҳсулотларига бой бўлган препаратлар билан таъминлаш. Ушбу мақсадда ҳам бюджетдан алоҳида маблағлар кўзда тутилган. Онкология, гематология, кардиология, эндокринология каби касалликлар билан оғриган беморларни бепул дори воситалари билан таъминлаш учун дастур тайёрлаб, ҳар бирига алоҳида маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Тиббиёт соҳасида стратегия билан белгилаб берилаётган вазифалар, аввало, ҳар бир инсоннинг қадри, манфаати, соғлиғига қаратилган эътибордир. Бу бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди.