Социология атамаси “социо” ва “логос” сўзларининг уйғунлашувидан иборат бўлиб, мазмунан жамиятда юз бераётган ҳамда юз бериши мумкин бўлган жараён, шаклланган ва шаклланаётган жамоаларни ўрганиш, аҳолининг турли табақалари ҳаёти, турмуш тарзидан розилик кайфияти, яъни ижобий ўзгартириш деган мазмунни ифода этади. Бу вазифалар инсон омилини, одамларнинг фикр-қарашлари, ўй-мулоҳазалари, мақсад ва интилишларини, кимлар билан бириккан ва уюшган ҳолда иш тутишини ҳар тарафлама ўрганиш орқали бажарилади.

Жамиятни бирлаштирувчи илм

Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун “Барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим”, деб таъкидлагани ҳам одамларнинг якдил интилиши тараққиёт стратегиямиз ва инсон қадрини ошириш учун қилаётган барча режаларимизнинг ҳаракатлантирувчи кучи эканини тасдиқлайди.

Социология фанига эҳтиёж мамлакатнинг тараққиёт ғояси нечоғлиқ салмоқли ва жамиятнинг ривожланганлик даражаси қанча юқори бўлса, шунча ортиб бораверади. Америкалик машҳур иқтисодчи ва социолог А. Смит одамларни ўзаро бирлаштириш учун уларнинг кенг тафаккур юритиш салоҳиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлайди.

Бирлашув умуминсоний қадриятларга таянади

 Жамият тараққиётида бирлашишга интилиш мазмунан бир хил бўлмаган. Яқин ва узоқ тарих гувоҳлик берадики, жамоавий фикрни чалғитиш ва сохта ваъдалар бериш ҳисобига одамларни бирлаштиришга эришган жоҳил “даҳо”лар халқлар ва инсоният бошига қанчадан-қанча кулфат ёғдирган. Шу боис, бирлашиш ғояси нечоғлиқ эзгу ва умуминсоний қадриятлар билан суғорилгани жуда муҳим.

Жамиятда моддий фаровонлик ва маънавий-ахлоқий тамойиллар устуворлиги таъминланган ҳолдагина одамларнинг ўзаро тотувлиги ҳамда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш имконияти юзага келади. Қашшоқлик, ахлоқсизлик ҳукмрон бўлган жамоа ва жамиятларда тотувликка ўрин бўлмайди.

Янги Ўзбекистонда бир томондан, камбағалликни қисқартириш, иккинчи томондан эса маънавий-интеллектуал юксалишга устувор аҳамият берилаётганининг асосида ҳам, энг аввало, эзгу ва умуминсоний қадриятларга таяниб иш тутилаётгани, Ватанимизда барқарор миллий тотувликни таъминлаш, инсон қадрини ошириш, одамларни рози қилиш ва барқарор ривожланишга эришиш ғояси мужассам.

Бирлашиш — боғланиш — юксалиш формуласи

Юртимиздаги ислоҳотлар негизида нафақат иқтисодий натижаларни қўлга киритиш, балки одамларни бирлаштириб, уларни ўзаро тотув қилиш орқали фаровон турмуш даражасига эришиш мақсади турибди. Одамлар ўзаро бирлашуви учун эса, аввало, уларни бир-бирига боғлаш давлатимизнинг ўзига хос ноёб бошқарув услуби ва устувор сиёсатига айланди. Тан олиш керакки, аввалги даврларда одамларнинг ўзаро бирлашувига давлатга қарши яширин хавф сифатида қаралган.

Шунинг учун ҳам инсонларнинг ўзаро уюшиб кетишига йўл берилмаган. Натижада давлат идоралари инсонларнинг табиий яқинлашув эҳтиёжи асосидаги бирлашувидан фазилат эмас, иллат, камчилик излаш билан машғул бўлган. Энди эса мамлакатимизда ижтимоий ҳолат тубдан ўзгарди. Президентимизнинг ўзи “бирлашиш — боғланиш — юксалиш” формуласини мамлакатимизни жадал тараққий эттириш стратегиясининг асосий тамойили сифатида ҳаётга жорий этмоқда.

Социологиянинг бошқа ижтимоий фанлар даврасидаги ўрни

Социология фани фалсафадан алоҳида фан сифатида расман ажралиб чиққанига икки асрга яқинлашмоқда. Агар ижтимоий фанлар таркибидаги фалсафа фани давлат ва жамият тараққиётининг умумий ривожланиш қонуниятлари, ҳаёт ва фаолиятнинг асосий категорияларини назарий тадқиқ этса, тарих фани давлат, жамият ва шахснинг кечаги кунига доир иқтисодий, ижтимоий ва маънавий таназзули ва тараққиёт хусусиятларини ўрганади. Шунингдек, педагогика фани инсон ва жамият таълим-тарбияси билан шуғулланса, психология инсон ва жамиятни турли инқирозий ҳолатлардан халос этиш, инсон табиатининг ташқи назардан яширин жиҳатлари, онг ва онг ости механизмларини ўрганади. Социология фани эса бошқа ижтимоий фанлар каби воқеликни шу фан доирасидагина эмас, балки одамлар ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама, тўлалигича ўрганади. Социология фани инсон, жамият ва давлатнинг нафақат кечаги куни, балки бугуни ва эртасини ҳам бутун борича, тизимли равишда тадқиқ этади ва уни қандай қилиб яхшилаш, ижобий ўзгартириш, барқарор ривожлантириш имкониятларини илмий исботлаб, жамоатчилик эътиборига аниқ тавсия ва таклифларни чиқаради.  Шу тариқа социология ҳаётда юз берган фактларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатларини пухта асослаб, жамиятга таҳдид солаётган инқирозий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда тараққиётга хизмат қилувчи ижобий тенденцияларни фаол қўллабқувватлаш имкониятларини чуқур назарий асослаб, уни фақат бир ёқлама фикр сифатида эмас, балки жамоатчилик фикри тарзида жамият миқёсида кенг ёйиш йўлидан боради.

Ғарб социология фанига асос солган француз олими Огюст Конт ҳам социология фанининг бошқа ижтимоий фанлардан асосий фарқи ҳаётда юз берадиган ҳар бир факт, воқеа ёки ҳолатнинг нечоғлиқ тўғри ва ҳаққонийлигини аниқ исботлаб бера олувчи, унинг одамларга наф берувчилиги, реал фойда келтирувчилиги, яъни “позитив” (ижобий) хусусиятларга эга илм ва конкрет социологик тадқиқотлар олиб борувчи фандир, деган ғояни ўша давр илмий жамоатчилиги эътиборига чиқарган эди.

Социологиянинг жаҳондаги нуфузи

Социология бугунги дунёда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳолат ва маънавий-ахлоқий жараёнларнинг ҳозирги ҳолати, яқин ҳамда узоқ келажакдаги ўрни хусусида кенг жамоатчиликка ишонарли маълумотларни етказиб беришда катта аҳамиятга эгадир. Айни вақтда жаҳоннинг ривожланган ва тез ривожланаётган давлатларининг деярли барчаси социологик тадқиқотлар орқали амалга ошираётган стратегияларининг ижтимоий мақбуллиги, жамоатчилик фикри билан нечоғлиқ мослиги, муҳим масалаларни амалга ошириш олдидан ва бажарилиш пайтидаги тактик ўзгаришлар мантиғини ўрганиб, тегишли хулосалар қилиб боради. Бу борада АҚШдаги машҳур Гэллап институти, Англиядаги Британия социология ассоциацияси, Социология бўйича Франция Ассоциацияси, Россия социология жамияти ва бошқаларнинг жамиятдаги ижтимоий ўрни жуда каттадир.  Хусусан, Гэллап институти АҚШ аҳолисининг кундалик кайфияти, уларни яқин ва ўрта келажакда кутадиган ижтимоий, молиявий ва сиёсий ҳолатларни доимий равишда жамоатчилик эътиборига етказиб боради. Шунингдек, мазкур ташкилот аҳоли турли табақалари вакилларининг сиёсатдан розилик ҳолати, давлат раҳбарлари ишидан қониқиш даражаси, аҳоли ижтимоий мўлжалларининг ўзгариш тенденциялари, айниқса, Президент сайловлари пайтида номзодларга овоз бериш жараёнида электорат томонидан номзодларни танлаш кўрсаткичларини ўта аниқликда прогноз қилиши жиҳатидан жамиятдаги ижтимоий қиммати жуда юқори саналади.  Мисол учун, Гэллап институти қора танли Обама, табиатига кўра ўта шиддаткор Трамп, ёши анча  катта бўлган Байденнинг сайловдан бир ҳафта олдин муқаррар равишда ғолиб чиқишини илмий-эмпирик жиҳатдан аниқ  башорат этиб берганлигини келтириш мумкин.

Ўзбекистонда социология фани ва амалиётининг шаклланиши

Мамлакатимизда 2016 йилнинг кузидан бошлаб социология фанининг жадал ривожланиш даври бошланди. Инсон манфаатларини кўзлаб ишлаш ва яшаш, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши, жамиятнинг барча табақалари вакиллари ҳаёти ва турмуш тарзини ислоҳ этиш ва тубдан фаровонлаштиришни ифода этган Ҳаракатлар стратегияси социология фанининг ҳам назарий, ҳам амалий тараққиётига кенг йўл очиб берди. Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони социология фани ривожининг ўзига хос драйвери бўлди, десак янглишмаймиз.

Юртимизда “Халқ давлатга эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” шиорларининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, Халқ қабулхоналари, Президент виртуал қабулхонаси ҳамда ҳар бир вазир, ҳоким ва раҳбарнинг фуқаролар мурожаати учун очиқлиги амалиёти барқарор йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотлар амалга оширилиб, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, ижтимоий тармоқлар орқали шаффоф ва очиқ маълумотлар тарқатиш амалиёти кенг йўлга қўйилди.

Шунингдек, ҳозирги кунда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича “Ижтимоий фикр” маркази, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, ўндан зиёд турли социологик тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган нодавлат социологик тадқиқотларни амалга оширувчи уюшма ва ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Мустаҳкам амалий база

Президентимиз ташаббуси билан одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар ўз моҳиятига кўра, социология фанининг амалий базасини кучайтирмоқда. Хусусан, аҳолининг турли табақаси турмуш тарзи, мақсад ва қизиқишларини хонадонма-хонадон юриб ўрганиш, хатловлар ўтказиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатларига эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларни киритиш ҳамда бу рўйхатдан чиқариш механизми, ёшлар балансини шакллантириш, иқтидорли ёшлар учун қулай ривожланиш имкониятини яратиш, ногиронлиги бўлган фуқароларни доимий иш, таълим ва касб олиш билан банд этиш, “1+1” (“Бир тадбиркорга бир ишсиз ёш”), “1+10” (“Бир нуроний — ўн ёшга мураббий”) тартиби асосида одамларни бир-бирига боғлаб, уларни фаоллаштириш, вазиятни тубдан яхшилаш сиёсати шулар жумласидандир.

Айниқса, ижтимоий ривожланишга кучли туртки берган катта ислоҳот давлат хизмати вертикал тизимини аҳолининг энг қуйи бўғинига ҳам етказиш амалиёти бўлди. Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар билан ишлаш учун белгиланган ёшлар вакили лавозимларининг жорий этилиши жойларда одамларни рози қилиш ва айни вақтда амалий социологиянинг ҳар куни, ҳар соатда юритиб борилишини ифода этади.

Фаннинг илмий-маърифий асоси

 Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда социология соҳасининг олий таълим тизими ҳам таркиб топди. Дастлаб, 1987 йилда Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида маданият социологияси бўлими ташкил этилиб, 1997 йилгача маданият соҳаси бўйича олий маълумотли социолог кадрлар тайёрлаб келди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Маданият институти Ўзбекистонда илк дафъа социология фанининг яна бир муҳим соҳаси бўлган ижтимоий иш таълим йўналиши ва магистратураси очилишига асос солди. 1989 йилдан эътиборан, Тошкент давлат университетида социология бўлими ўз фаолиятини бошлаб бугунги кунгача олий маълумотли кадрлар тайёрлаб келмоқда.

Шунингдек, ўтган 35 йил мобайнида социология фани бўйича “Социология асослари”, “Мовароуннаҳрда жамоатчилик фикри тарихи”, “Ўзбекистонда жамоатчилик фикри”, “Социология” (ўқув қўлланма), “Социология терминлари луғати”, “Замонавий бошқарув социологияси” (монография) ва бошқа ўндан зиёд ўқув қўлланма ва китоблар нашрдан чиқарилди. Бу йиллар мобайнида социология фанининг илмий педагогик потенциали ҳам таркиб топди. Ҳозирги кунга келиб, мазкур фан ривожига 17 нафар социология фанлари доктори (DSc) ва 56 нафар социология фанлари номзоди ва социология бўйича (PhD) докторлари ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Социология ва ижтимоий иш соҳасининг олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизими амал қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Фарғона давлат университети, Қарши давлат университети, Бухоро давлат университети, Урганч давлат университети, Андижон давлат университети сингари 12 та олий таълим муассасасида бакалавр ва магистр даражасидаги социология ва ижтимоий иш соҳаси бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Бу йўналишда сўнгги 5 йилда докторантура, стажировка шаклидаги олий таълимдан кейинги таълим шакли ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, социология фани бўйича социология фани доктори (DSc) ва социология бўйича фалсафа доктори (PhD) тайёрлайдиган 3 та ихтисослашган илмий кенгаш фаол ишлаб келмоқда.

Жамиятимиз ижтимоий қиёфасидаги ўзгариш

 Мустақилликка эришилгандан сўнгги 30 йил мобайнида жамиятнинг ижтимоий қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди. Агар собиқ шўролар даврида жамиятда учта катта ижтимоий синф (ишчилар, деҳқонлар ва зиёлилар) ва коммунистик партия раҳбарлари ва фаолларидан иборат элита қатлами мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб жамиятимизда тадбиркорлар, хизмат соҳаси вакиллари, фермерлар, ҳарбийлар, банкирлар, олимлар, педагоглар, ёлланма деҳқонлар ва ишчилар, ишсизлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, ахборот технологиялари мутахассислари, уюшган ва уюшмаган ёшлар ва бошқа ижтимоий табақалар таркиб топди. Айниқса, сўнгги беш-олти йилда ижтимоий табақалар трансформацияси ўта жадаллашди. Қисқа вақт, яъни 2–3 йилда кечаги ишсиз фуқаро тадбиркорлик, фермерлик ёки хизмат соҳасига киришиб, муваффақиятларга эришиб, ўз қишлоғи, маҳалласида иш берувчи шахсга айланаётгани бугун ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайдиган ижтимоий фактга айланди.

Агар собиқ шўролар даврида аҳолининг умумий иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бир-бирига бирмунча яқин бўлган бўлса, янги Ўзбекистонда фуқаролар ҳам молиявий, ҳам маданий, ҳам интеллектуал жиҳатдан анчагина фарқланадиган жамиятга айланди. Шу асосда одамларнинг ҳаёти, фаровонлик даражаси, фикрлаш тарзи, мақсадлари, дид ва савиялари ҳам ўзгариб бормоқда. Илгари одамларни тўй, маърака, урф-одат, чойхона, улфатчилик бирлаштириб келган бўлса, эндиликда одамлар сиёсат, тадбиркорлик, спорт, маданият йўналишидаги умумий нуқтаи назар, дид, мақсад, қизиқиш, умумий дунёқараш, санъат ва бошқа омиллар негизида бирлашишга мойил бўлмоқда.

Дунёдаги энг ривожланган миллатларни асосан ўз миллий тилига ҳурмат, ватани тарихига эҳтиром, миллий адабиётига меҳр, санъат ва маданиятига боғлиқлик, миллий менталитетига эгалик, миллий характерига содиқлик, ватанпарварлик, миллий урф-одатларга риоя этиш, мустақиллик неъматини улуғлаш қадриятлари ажратиб туради. Шу боис, Янги Ўзбекистонда миллий яхлитлигимизнинг ана шу муқаддас тўққиз устунининг бирортаси ҳам заифлашувига асло йўл қўймаслигимиз лозим.

Янги социология институти — демократлашув маҳсули

Сўнгги беш-олти йилда илм-фаннинг барча йўналишлари ривожига кенг йўл очилмоқда. Хусусан, математика, кимё, биология, ахборот технологиялари, тиббиёт, маданият, санъатшунослик, фольклор ва бахшичилик ҳамда яқиндагина ташкил этилган Геология университети қаторида социология институтининг очилиши жуда қувонарли ҳолдир.

Социология институти Президентимизнинг чуқур мушоҳадали, кенг масштабли, перспектив мўлжалларни лойиҳаловчи тафаккур қилиш хусусиятларидан келиб чиқсак, социология институти нафақат илмий-амалий, балки юқори малакали, олий тоифали мутахассис кадрлар тайёрловчи илмий-маърифий муассаса бўлади.

Бундан ташқари, мазкур институт зиммасига бутун дунёда жадал юз бераётган глобал ўзгаришлар, фаол ва тез кечаётган демократик жараёнлар, аҳолининг турли иқтисодий, сиёсий ва маданий савияси, қарашларидан келиб чиқувчи ўзига хос тафаккур юритиш тарзи ва хатти-ҳаракатларига самарали таъсир кўрсата олиш, уларни лозим бўлса “юмшоқ кучлар”, маънавият ва маърифат омиллари орқали ўзгартира олишга қодир, Ўзбекистон манфаатларига мос келувчи позитив жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат катта ижтимоий функция юклатилади.

Бунинг учун мазкур институт ўзининг биринчи қадамлариданоқ, Президентимиз таъкидлаганидек, тўғрилик, ҳалоллик йўлидан бориши, одамларнинг ўй-фикрларини ҳаққоний ифодалаши, жамоатчилик фикрини муқаддас маънавиятимиз, инсон қадрини улуғлаш негизида шакллантиришга интилиши зарур. Шу ўринда қайд этиш жоизки, мамлакатимизда амал қилиб келаётган айрим социологик марказларнинг эл-юрт олдидаги нуфузи кўтарилмаётгани боиси ҳам жамиятда юз бераётган туб ўзгаришлар моҳиятини тўлақонли очиб беришга интилмаганида, деб биламиз.

Социология институтининг муҳим вазифалари

Социология институти ўзининг илк қадамлариданоқ, оқилона меъёрни барқарор ушлаши, янгидан шаклланиб келаётган ижтимоий қатламларнинг социологик қиёфасини рўй-рост кўрсатиши, одамлар нималарни кўпроқ ўйлаётгани, қандай мақсадларга эгалиги, ривожланишнинг табақалараро кесимлардаги драйверларини аниқлаш, мамлакатимизнинг ўз тараққиётидаги ютуқ ва камчиликлари, аҳолидаги шукроналик ва ношукурлик, розилик ва норозилик, фаровонлик ва камбағаллик, тўқликка шўхлик ва исрофгарчиликка берилиш, ғайратлилик ва боқибеғамлик, ҳаётимизга кириб келган ва келиши мумкин бўлган хавф ва хатарлар, бугуни ва эртасига ишонч ва ишончсизлик, имконият излаш ва боқимандалик, миллий ғурур ва миллатимизга беписандлик, ватанпарварлик ва космополитизм масалаларини кенг жамоатчилик назарига оператив ва ҳаққоний етказиб бериши билан ўз маънавий ва ижтимоий қиёфасига эга бўлади.

Айни вақтда Социология институти мамлакатимизда фаолият юритаётган барча социологик тадқиқотлар ўтказувчи ташкилотлар учун ўзига хос методик марказ вазифасини ўташи, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашиши, олимлар ва изланувчилар томонидан тайёрланган тадқиқот дастурлари, анкеталар, эксперимент, интервью ва бошқа тадқиқот ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, инструментарийлар ва лойиҳалар юзасидан малакали тавсиялар беришни ҳам зиммасига олиши лозим.

Социология фани нафақат реал оламдаги ахборотлар, балки виртуал макондаги ахборотлар билан ҳам фаол иш олиб бориши муҳим. Бунинг учун, аввало, жамиятимизнинг маънавий интеллектуал юзи бўлган обрў-эътиборли шахслар, нуронийлар, эл-юрт олдида мавқе-мартабаси улуғ инсонларнинг шахсий веб-сайтларини яратиш ва уларни фаоллаштириш, зарур бўлса, бундай катта ҳаёт тажрибасига эга инсонларга кўмакчилар ва IT соҳасининг мутахассисларини бириктириш керак. Бундай обрўли ва харизматик шахслар бугунги ҳаётимиз ва дунёда юз бераётган воқеа ва жараёнлар ҳақида, радио, телевидение ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фактларга ўзларининг малакали хулосаларини бериб бориши, жамиятда ижтимоий ва маънавий-сиёсий муҳит барқарорлигини асрашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Айнан шундай ёндашув, яъни жамиятимизда юз бераётган воқеа ва жараёнларга оммавий ахборот воситалари, радио ва телевидение, интернет орқали изҳор этилаётган ахборотлар, кўрсатув ва эшиттиришларнинг мазмуни, ижтимоий қиммати ва аҳоли онги ва қалбига етказиши мумкин бўлган зарарларни таҳлил этиш, бир сўз билан айтганда, ақлли мониторингни йўлга қўйиш бугунги кунда ижтимоий заруратга айланди. Мазкур жараёнлар мазмунини давлат идоралари раҳбар ва ходимлари эмас, биринчи галда, жамиятимизда катта обрў-эътиборга сазовор харизматик шахсларнинг баҳолаб бориши бир томондан, катта ижтимоий резонанс ҳамда босиқлик муҳитини яратса, иккинчи томондан, социология фанини ижтимоий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий ва айниқса, сиёсий соҳаларда юз бераётган жараёнларнинг барометрига айлантиради.

Социология институти фаолиятида сиёсий дунёқарашни шакллантириш масаласига ҳам жуда катта эътибор қаратиш зарур. Зеро, сиёсий дунёқараш ҳар қандай бошқа нуқтаи назар (ахлоқий, моддий, ижтимоий)ларга қараганда доминант моҳият ва кучга эга. Мисол учун, агар бирор-бир одамда муайян бошқа давлат сиёсати, маданияти ёки ўша давлат раҳбарига симпатия шаклланиб қолган бўлса, унга меъёридан ортиқча ён босиш, нотўғри иш қилаётган бўлса ҳам унинг тарафини олиш учун қаттиқ баҳсларга киришиш, ҳатто бу борада ўз яқинлари билан низога бориш ҳолатлари кўп кузатилган. Шу боис, сиёсий дунёқарашнинг бошқа йўналишдаги дунёқарашларни ўз ортидан эргаштириб кетиши хавфини асло эътибордан четда тутмаслик лозим.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантиришнинг беш муҳим ташаббусини жорий этиш жараёнини узлуксиз мониторинг қилиш, айниқса, аҳолининг барча табақалари вакилларининг китоб ўқиши жараёнини жамоатчилик назоратига олиш ва одамларга етказиб бориш катта ижтимоий аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарса ва ислоҳотларнинг ўз ҳолича ривожланишини жамоатчилик кўзи олдида мақсадли ривожлантириш ҳолатига ўтказиш ижобий ҳолдир.

Шу ўринда яна бир жиддий муаммони ечиш долзарб масала бўлиб турибди. Амалдаги лавозимлар бўйича давлат меҳнат реестрида социолог лавозими ҳам, социологларнинг қайси соҳа ва йўналишларда фаолият юритиши ҳам белгиланмаган. Шу боис, олий маълумотли социологлар ўзлари қаердан иш топса, ўша жойда “номутахассис” мақомини зиммасига олиб, ишлаб юрибди. Аксарияти эса ўзи танлаган соҳадан воз кечиб, иккинчи олий маълумот олиб, мақсад ва ҳаёт тарзини ўзгартириб кетмоқда. Шу боис, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидаги лавозимлар бўйича меҳнат реестрига турли вазирлик ва ташкилотлар тизимида социология йўналиши доирасида социолог штати ва лавозимини жорий этиш зарур.

Янги Ўзбекистон халқчил, демократик ва инсон қадрини улуғлаш жамиятига айланар экан, ҳар бир соҳа, йўналиш ва тармоқлар кесимида 30 нафардан иборат нуфузли эксперт гуруҳлари таркибини жамоатчилик фикри ва тавсиялари асосида шакллантириш ҳам мақсадга мувофиқ. Бундай экспертлар таркибини фаоллик кўрсаткичлари негизида ҳар олти ойда янгилаш, тўлдириш, баъзиларини чиқариб туриш амалиётини жорий қилиш керак. Эксперт гуруҳлари аҳолининг турли табақалари вакиллари орасида ҳаққоний жамоатчилик фикрини давлатимиз ва жамиятимиз мантиғига мос ҳолда ижобий йўналишда шакллантиришда катта роль ўйнаган бўлур эди.