Одамлар яхши яшаши учун нима керак бўлади? Яхши таълим, фаровон яшаш ва ишлаш шароитлари, қонун устуворлиги, фундаментал инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги. Буни ҳамма давлатда амалга ошириб бўладими?
Тошкентда бўлиб ўтаётган «Tashkent Law Spring» халқаро форумида Сингапурнинг Ички ишлар ва ҳуқуқ вазири К.Шанмугам шу ҳақда гапирди. Унинг фикрича, тараққийлашмаган мамлакатда инсон ҳуқуқлари улуғланишини кутишнинг ҳожат йўқ. Аммо ҳамма давлат ўз имкониятларидан келиб чиқиб буни амалга оширишга уриниб кўриши керак.
«Мен сизларга Сингапурнинг ютуқлари ҳақида эмас, унинг имкониятлари ҳақида гапирмоқчиман. Балки сизда ҳам бундай имкониятлар бордир ва инсоннинг дастлабки, фундаментал ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун ўз мамлакатингиз миқёсида буни қўлласангиз бўлади», — дейди вазир.
Вазирга кўра, инсон ресурси биринчи ўринга чиқиши учун:
- Кучли марказлашган ҳукумат керак (у таълим, соғлиқни сақлаш – инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бошқа барча мажбуриятларини тўлиқ бажариши шарт).
- Компетентлиги бўлган — кучли билим ва кўникмага эга бўлган давлат хизматчиларини ишга олиш керак.
- Мамлакатда яшайдиган миллатлар бирлашуви керак.
Шанмугам Сингапур қаердан бошланганини, ҳозир қаерда эканлигини ва кейинчалик қандай бошқарилишини гапириб берди.
Унинг таъкидлашича, бир пайтлар Сингапурнинг малайлар билан қаттиқ низолари ва зиддиятлари бўлган. Бу шаҳар-давлат Малайзиянинг тижорий маркази бўлган ва табиийки, мустақил бўлиш учун давлатнинг табиий ресурслари йўқ эди. Сингапур давлатчилигини қуриш учун ҳам кучли ва етарли асослар бўлмаган.
Бундан ташқари, мамлакат Британиянинг колонияларидан бири сифатида ўзининг идентификасия қиладиган бирор бир асосига ҳам эга бўлмаган. У ерда ижтимоий, диний, сиёсий низолар кўп бўлган. Жиноятчилик, коррупция авжига чиққан. Аҳолида оддий яшаш шароитлари, коммунал хизматлар умуман яхши бўлмаган. Шунга қарамай мамлакат бугун жуда шижоатли инсонлар яшайдиган, замонавий давлатга айланди.