Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Пахтачи туманида “Балиқ етиштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда жорий йилга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар” мавзуида пресс-тур ўтказилди. Унда иштирокчилар дастлаб тумандаги “Балиқ Ал Саид” номли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.

—  Фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, жами ер майдони 73 гектардан иборат, шундан 55 гектари балиқ етиштиришга мўлжалланган сув ҳавзаси ҳисобланади. Сув ҳавзаларига 78 минг дона товар балиқ, 420 минг дона сегалатка ташланган. Балиқ етиштиришга мўлжалланган сув ҳавзасининг 13 гектари ярим интенсив, 4 гектари интенсив, — дейди “Балиқ Ал Саид” номли фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Каримов. — Бугунги кунда “Балиқ Ал Саид” фермер хўжалиги томонидан аҳоли истеъмоли учун “Карп”, “Тилапия”, “Оқ амур”, “Оқ дўнгпешона”, “Чипор дўнгпешона”, “Карп кои” балиқлари етиштирилмоқда. 2022 йилда фермер хўжалиги томонидан Қирғизистон Республикасига 20 минг АҚШ доллори миқдорида “Карп” балиғи уруғлик чавоғи, Қозоғистон Республикасига 100 минг АҚШ доллар миқдорида “Тилапия” балиғи чавоқларини экспорт қилиш учун шартнома имзоланган.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Ахмаджон Орзу кўллари” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.

— Пахтачи туманида 30 та балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий сунъий сув ҳавзаси 277 гектарни ташкил қилади, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Пахтачи туман бўлими бошлиғи Ғулом Қурбонов. — 2021 йилда балиқчилик фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 1 минг 66 тонна балиқ овланди. “Ахмаджон Орзу кўллари” фермер хўжалигига қарашли 78 гектар ер майдонининг 60 гектарини сув ҳавзаси ташкил этади. Биргина ўтган 2021 йилда ушбу фермер хўжалиги томонидан 200 тонна сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари етиштирилди. Мазкур фермер хўжалиги раҳбари томонидан аҳоли истеъмоли учун сотилган балиқ маҳсулотининг 140 тоннаси учун субсидия ажратишни сўраб ариза билан мурожаат қилган эди. Инспекция органлари ваколати доирасида фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси ўз вақтида қаноатлантирилди ва 140 миллион сўм субсидия ажратилди.

— Самарқанд вилоятида 517 та балиқчилик йўналишидаги хўжаликлар мавжуд бўлиб, шундан 3 таси наслчилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Ушбу хўжаликларнинг 5 таси табиий сув ҳавзаларида балиқчилик билан шуғулланиб, уларнинг умумий табиий сув ҳавза майдони 7 минг 913 гектарни ташкил қилади, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Улуғбек Яхшимуродов. — Қолган 512 та хўжаликлар 2 минг 59 гектар сунъий сув ҳавзаларида ўз фаолиятларини олиб боришмоқда. Ўтган 2021 йилда балиқчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 21 минг 788 тонна балиқ овланди. Наслчилик йўналишидаги балиқчилик хўжаликлари томонидан 2021 йилда 346 миллион дона балиқ увилдириқлари ва 72,9 тонна балиқ чавоқлари етиштирилди.

Жорий йилда вилоятда балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида, йиллик қуввати 1 минг 685 тонна бўлган 54 та янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали 257 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Абдували Худоёров,

 “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси матбуот котиби