Илм эгаллаш — игна билан қудуқ қазишдек гап. Унинг машаққатига чидаш, натижасини кутиш учун метиндек сабр, ирода зарур. Тошкент давлат транспорт университетида “Электротехника” кафедрасида доцент вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб бораётган техника фанлари бўйича фалсафа доктори Жавҳарбек Файзуллаев қийинчиликларга қарамай, илм йўлини танлаган ёшлардан.
Одатда ўғил болалар кичиклигидан автомобиллар ўйнашга қизиқади. Уларда машина бошқаришга интилиш ўша кезлардаёқ шаклланади. Қашқадарё вилоятида туғилиб ўсган Жавҳарбек Файзуллаевда ҳам бундай қизиқиш бўлгани табиий. Аммо болалигидан уни кўпроқ темир йўлчиларнинг махсус либоси ўзига тортарди. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида талабаларга сабоқ берадиган отаси Султон Амиров ҳар куни махсус либосда ишга отланганида, унга ҳавас билан қараб қолганини ҳамон ҳаяжон билан эслайди. Ана шу қизиқиш сабаб 2010 йилда унинг ўзи ҳам мазкур олий ўқув юрти талабасига айланди. Ўшанда ўзи танлаган йўналишда илм қилишга, отаси каби севимли устоз бўлишга қарор қилди.
Жавҳарбек иккинчи босқичдан таълимни Россия Федерациясидаги Петербург давлат темир йўл университетида давом эттирди. 4 йиллик таҳсилдан сўнг юқори тезликдаги электр транспорти мутахассислиги бўйича муҳандис дипломига эга бўлди.
— Отам — менинг биринчи устозим, — дейди ёш олим. — Транспорт, техника соҳасига қизиқишим ҳам, илмий фаолиятда эришган ютуқларим ҳам — барида отамнинг ҳиссалари бор. Улар мени доим қўллаб-қувватлаб, мақсадимга етишимда ишонч, куч берадилар.
Қаҳрамонимиз соҳада яратган бир қанча ихтироларини ҳам отаси билан биргаликда амалга оширган. Илк лойиҳаларидан бири магнит эластик куч датчиги бўлган. Докторантура босқичидаги илмий иши мавзуси электровозлар билан боғлиқ бўлгани боис, ғоя ҳам шунга йўналтирилган эди. Муаллифларга ихтиро учун патент берилган.
— Магнитоэластик куч датчиги аввал мавжуд бўлган, биз уни янада такомиллаштириш устида иш олиб бордик, — дейди Жавҳарбек. — Яъни, жараёнда датчикнинг сезгирлиги, аниқлигини янада оширдик. Ушбу қурилма Электровозлар тортувчи асинхрон моторининг корпусига ўрнатилиб, моторнинг вибрация параметрларини аниқлаб беради. Бу орқали моторнинг техник ҳолати кузатиб борилади. Агар вибрация (титраш) чегаравий ҳолатидан чиқиб кетса, датчик дарҳол сигнал беради. Натижада техник бузилишни ўз вақтида бартараф этиш имконияти яратилади.
Электровозлар контакт тармоғидан электр энергия олиб, юк ортилган вагонларни тортишини кўпчилик яхши билади. Қуввати, тортиш кучи катта бўлгани учун уларга тепловозларга нисбатан кўпроқ вагонлар уланади. Темир йўл транспортининг техник имкониятларини такомиллаштириш унинг ҳаракатланиш тезлиги ва кучланишини янада оширишга хизмат қилади.
Комбинациялашган қурилма ихтироси ҳам шу мақсадда яратилган. Электровоз синхрон моторининг ташқи магнит оқимини ўлчашга мўлжалланган қурилма моторнинг корпусига эмас, ундан маълум масофа узоқликда ўрнатилади. У ташқарида турган ҳолда моторнинг ички қисмидаги ўзгаришларни аниқлайди. Техник ҳолатида носозлик юзага келса, электровоз машинистига сигнал беради.
Ҳозирча фақат синов тариқасида ишлаб чиқарилган бу каби ихтироларни келгусида амалиётга кенг тадбиқ этиш кўзда тутилган. Жавҳарбекнинг бу борада янги лойиҳалари ҳам йўқ эмас. У Тошкент давлат транспорт университетида талабаларга сабоқ бериш баробарида илмий изланишларини давом эттирмоқда. Бу борада ёш олимнинг бир қанча илмий мақолалари чоп этилган. Эндиликда, долзарб мавзудаги монография устида иш олиб боряпти.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири