Давлатнинг иқтисодий қудрати, халқаро майдондаги нуфузи ҳамда халқ фаровонлиги, аввало, шу юртда шаклланадиган инсон капиталининг сифат кўрсаткичларига бевосита боғлиқ. Тарихга назар ташласак, ҳар қандай буюк тамаддун ўзининг юксалиш даврида, илк бор илм-фан, таълим ва тафаккур эркинлигига таянганига гувоҳ бўламиз.
Президентимизнинг жорий йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва
инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги
фармони айнан шундай тарихий аҳамиятга эга бўлиб, миллий интеллектуал
ресурсларимизни янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим дастуриламал
ҳужжатдир. Мазкур қарор ўзида олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш
концепциясининг мақсадли кўрсаткичларига эришишни жадаллаштириш, мамлакатимизни
минтақанинг таълим хабига айлантириш ҳамда олийгоҳларнинг академик
мустақиллигини кенгайтиришдек қамровдор мақсадларни мужассам этган.
Фармоннинг ўзагини ташкил этувчи “5 Т” тамойили — таълим, тарбия,
тадқиқот, тижорийлаштириш ва тизимли такомиллаштириш ғояси олий таълим
муассасаларини халқаро миқёсда рақобатбардош марказларга айлантиришнинг энг
мукаммал механизмидир. Илм-фан даргоҳлари энди фақат назарий билим берувчи
маскан бўлиб қолмай, иқтидорли ёшлар учун чинакам илмий-интеллектуал ўчоқ
вазифасини ҳам бажариши шарт. Авваллари илм-фан, таълим ва ижтимоий амалиёт
бир-биридан узилган, алоҳида ороллар каби фаолият юритган бўлса, янги тамойил
уларни ягона, узвий ва ҳаётий занжир атрофида бирлаштиради. Таълим бериш
жараёни юксак ахлоқий тарбия билан уйғунлашгандагина чин ватанпарвар ва фидойи
кадрлар етишиб чиқади. Ўз навбатида, замонавий тадқиқотлар фақат кутубхона
пештахталарида чанг босиб ётмай, реал иқтисодиёт эҳтиёжларига жавоб бериши ва
амалиётга жорий этилиши, яъни тижорийлаштирилиши аллақачон ҳаётий заруратга
айланиб улгурган. Тизимли такомиллаштириш эса барча жараённинг доимий равишда
замон билан ҳамнафас янгиланиб боришини таъминловчи ўзига хос ҳаракатлантирувчи
кучдир. Бундай комплекс ёндашув мамлакатимиз олий таълим тизими томирларига
янгича қон югуртириб, унинг халқаро рейтинглардаги муносиб ўрнини таъминлашга
қаратилган.
Ҳужжатдаги энг диққатга сазовор йўналишлардан яна бири “U 10 — Ўзбекистоннинг глобал илғор
университетлари” дастурининг жорий этилишидир. Унга кўра, ўзининг юқори
салоҳиятини намоён қила олган ўнта олий таълим ташкилотига миллий тадқиқот
университети мақомини бериш режалаштирилган. Ушбу жараён ўз-ўзидан, сунъий
равишда амалга оширилмайди, аксинча, рақобатбардошлик ва шаффофлик
принципларига таянган ҳолда, илмий кластер ташкил этиш лойиҳаси доирасида
ўтказиладиган танловлар орқали рўёбга чиқади. Илмий кластер лойиҳасининг
архитектураси ноёб хусусиятга эга бўлиб, маҳаллий олийгоҳ, нуфузли хорижий
университет, илмий ташкилот ҳамда соҳа корхоналарини ягона мақсад йўлида
бирлаштирувчи яхлит ва қудратли тизимни ифодалайди. Давлат томонидан илм-фанни
қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур илмий кластерларни молиялаштириш учун 150
миллиард сўмгача маблағ ажратилиши миллий тадқиқотларимиз халқаро бозорга
чиқиши учун беқиёс имконият эшикларини очади. Ғолибларни аниқлашда халқаро
миқёсда тан олинган рейтингларда дастлабки 300 талик рўйхатга кирган хорижий
таълим муассасаларининг иштирок этиши экспертиза жараёни ниҳоятда адолатли,
холис ва жаҳон стандартларига тўла мос келишини кафолатлайди.
Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, инфратузилма ҳолати ва лойиҳани
ҳамкорликда молиялаштиришдаги иштирокчи ташкилотларнинг улуши каби қатъий
мезонлар асосидаги баҳолаш тизими мамлакатимизда фундаментал илм-фанга қаратилган
муносабатнинг инъикосидир.
Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва сифат
кўрсаткичларини тубдан ошириш мақсадида 2027 йил 1 январдан эътиборан жорий
этиладиган натижага йўналтирилган молиялаштириш тизими ислоҳотлар самараси
бўлади. Энди муассасалар давлат бюджетидан шунчаки анъанавий тарзда
молиялаштирилмайди, балки олий таълим ташкилотлари миллий рейтингидаги ўрни
ҳамда кўрсатган аниқ натижаларига кўра моддий рағбатлантирилади. Талабалар
қамрови, академик, илмий ва халқаро фаолият, рақамлаштириш даражаси ҳамда
битирувчиларнинг иш билан таъминланиши каби муҳим индикаторлар асосида
тоифаларга ажратилган ҳолда юритилувчи мазкур рейтинг олийгоҳлар ўртасидаги
сифат учун курашни бутунлай янги босқичга олиб чиқади. Ўз тоифасида энг юқори натижани
қайд этиб, биринчи даражага кўтарилган кучли 20 фоиз олий таълим
муассасаларининг харажати 20 фоизгача қўшимча устама билан қопланиши раҳбарлар
ҳамда профессор-ўқитувчиларни узлуксиз ўз устида ишлаш, таълим дастурларини
замон талаблари руҳида модернизация қилишга ундайди. Шунингдек, талабаларни
ўқитиш харажати миқдорини шакллантиришда таълим йўналишининг мураккаблиги,
ҳудудий жойлашув ва миллий рейтингдаги ўрни каби ўзига хос омилларнинг инобатга
олиниши маблағларнинг оқилона ҳамда манзилли йўналтирилишига хизмат қилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Олий таълимни
ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилиши мазкур жараённинг
институционал жиҳатдан мустаҳкамланишини таъминлайди. Айниқса, ҳар йили 500
нафаргача иқтидорли чет эллик учун мўлжалланган “Янги Ўзбекистон стипендияси”
дастурининг йўлга қўйилиши ўзбек таълимининг халқаро брендини яратишдаги дадил
қадамдир. Ёш, иқтидорли ва илмга чанқоқ хорижлик ёшларнинг юртимиздаги
олийгоҳларда таҳсил олиши келажакда халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини
ҳимоя қилувчи, тилимиз ва маданиятимизга ҳурмат билан қаровчи йирик
интеллектуал элитани шакллантиришга мустаҳкам замин яратади. Бундан ташқари,
хорижлик талабаларни қабул қилиш механизмларини соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилаётган
“Study in Uzbekistan” махсус электрон платформаси мамлакатимиз таълим
хизматлари бозорининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини бир неча бор
оширади.
Инновациялар ва рақамли технологиялар асрида бошқарув самарадорлигини
ошириш масаласи ҳам ҳукуматимизнинг доимий эътибори марказида. Соҳани тўлиқ
рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект элементларини жорий этиш мақсадида Рақамли
таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш марказининг ташкил этилиши давр
талабига тўла жавоб беради. “Data Hub” технологияси асосида барча ахборот
тизимларининг ягона рақамли экотизимга интеграция қилиниши таълим жараёнларини
бошқаришда очиқлик, шаффофлик ҳамда тезкорликни кафолатлайди. Талабанинг
ўзлаштириши, ижтимоий ҳолати ва интизомини ўзида мужассам этган “Талабанинг рақамли
паспорти” амалиётга татбиқ қилиниши ёшлар билан ишлашда мутлақо янги, таҳлилий
ёндашувни юзага келтиради. Шунингдек, бўлажак мутахассислар бандлигини
таъминлаш, уларнинг ўз қобилиятини меҳнат бозорида тўғри сармоя қилишига
кўмаклашиш мақсадида “Карьера” электрон платформасининг ишга туширилиши ҳамда
“Битирувчи сифати индекси”нинг ишлаб чиқилиши таълим ва иқтисодиёт ўртасидаги
кўприкни янада мустаҳкамлайди. Бу орқали ҳар бир университет ўз талабасининг
кейинги тақдири, жамиятдаги ўрни ва касбий юксалиши учун реал масъулиятни ҳис
қила бошлайди.
Ёшларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, улардаги ихтирочилик ва
тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш жараёни энди молиявий ҳамда ҳуқуқий
жиҳатдан тизимли кафолатланмоқда. Ёшларнинг инновацион ташаббусларини
қўллаб-қувватлаш офисининг очилиши дастлабки ғоядан тортиб, уни ҳаётга татбиқ
этишгача бўлган мураккаб йўлда ёш олимлар учун асосий суянчиқ вазифасини
ўтайди. Инновацион фаолиятда стартап лойиҳаларни инкубация ва акселерация
дастурларидан ўтказиш мажбуриятининг киритилиши давлат маблағлари мақсадли ва
юқори самарадорлик билан сарфланишини таъминлайди. Олий таълим муассасаларига
молиявий ва ташкилий мустақиллик доирасида эндаумент жамғармаларини ташкил
этиш, венчур фондлар тузиш, инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш ва ҳатто бўш
маблағларни молиявий инструментларга йўналтириш каби илғор ҳуқуқларнинг тақдим
этилиши миллий таълим тизимимизда илгари кузатилмаган катта иқтисодий
ислоҳотдир.
Таълимнинг сифати унинг маънавият ва миллий ўзликни англаш туйғулари
билан қанчалик суғорилгани орқали баҳоланади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида
тарбиялаш, улар қалбида китобхонликка меҳр уйғотиш ҳамда санъат ва маданиятга
ошно қилиш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган “Маърифат улашиб” лойиҳаси
ҳақиқий маънавий хазинадир. Интеллектуал бой ва тафаккури теран ёшларгина
Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишини инобатга олсак, олийгоҳларда таълим ва
тарбия жараёнларининг ўзаро уйғун бориши мамлакатимиз хавфсизлиги ва
истиқболининг кафолатидир.
Президентимиз фармони миллий илм-фан ва таълим соҳасининг ёрқин
келажагини белгилаб берувчи муҳим харита вазифасини бажаради. Юксак савиядаги
мутахассисларни тайёрлаш, олийгоҳлар ўртасида адолатли рақобатни шакллантириш,
илм-фанни амалиётга, яъни тижоратга боғлаш ҳамда таълим соҳасидаги рақамли
технологияларни ривожлантириш орқали мамлакатимиз яқин йилларда ўзининг
мустаҳкам ва дахлсиз интеллектуал қудратини тўла намоён этади. Зиёлилар,
олимлар ва кенг академик жамоатчилик зиммасига тушадиган масъулият энди ушбу
беқиёс шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, янги Ўзбекистоннинг жаҳон
ҳамжамиятидаги ўрнини интеллектуал салоҳият орқали мустаҳкамлашдан иборат.
Истиқбол сари қўйилган бундай улуғвор қадамлар халқимиз тафаккурини юксалтириб,
порлоқ ва обод келажагимизнинг ажралмас қисмига айланиб боради.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
академик