Тадбирда ҳар соҳада фаол ва ташаббускор хотин-қизларнинг, тадбиркор ва ҳунарманд аёлларнинг қўл меҳнати натижасида тайёрланган турли кўринишдаги буюмлар, жумладан, бежирим кийим-кечаклар, тақинчоқлар, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида бугунги кунда юртимизда хотин-қизларимизга бахтли яшаши, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга ўзи фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол қатнашаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган ушбу миллий танловлар иштирокчилар орасида профессионаллик, ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

«Йил аёли» ва «Гендер тенглик фаоли» миллий танловлари вилоят босқичи ғолибларини аниқлаш мақсадида туман, шаҳар босқичларида юқори натижаларга эришган 70 нафардан зиёд аёлларнинг касбий фаолиятини акс эттирувчи, эришган ютуқлари жамланган ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Натижаларга кўра, Урганч давлат Университети доценти Шоира Нуриллаева «Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси» сифатида мутлақ ғолиб бўлиб, 1-ўринни, Хонқа туманидаги «Собиржон Юсуф» фермер хўжалиги раҳбари Ойимжон Отажонова «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли» эътирофига муносиб кўрилиб, 2-ўринни, Хива туман тиббиёт бирлашмасининг амбулатор хизмат бўйича бошлиқ ўринбосари Феруза Юсупова «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли» сифатида 3-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, «Йилнинг энг ватанпарвар аёли», «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли», «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли», «Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси», «Йилнинг энг жонкуяр устози», «Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси», «Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори», «Йилнинг энг фаол олима аёли», «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли», «Йилнинг энг яхши IT - дастурчи аёли» номинациялари ғолиблари ҳам аниқланди.

«Урганч миллий тикувчилик» оилавий корхонаси раҳбари Феруза Ҳасанова «Энг фаол тадбиркорлик субъекти» сифатида «Гендер тенглик» 2022 миллий танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди.

Ғолиблар Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

- Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур тадбирнинг бу йилги мусобақасида ғолиблар шоҳсупасига чиқишим, ва айниқса шахсан Ўзбекистон қаҳрамони Анора Маҳмудованинг қўлидан мукофот олишим менга тетиклик руҳи ва куч-ғайрат бағишлади, — дейди Феруза Юсупова. — Ўйлайманки, келгуси йилги беллашувларда бунданда юқори кўрсаткичларга эга бўламан.

Тақдирлаш маросими якунида ташил этилган маданий дастур, хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар опа-сингилларимизга кўтаринки кайфият улашди.

Гулноза Умирова,

Хоразм вилояти Оила ва хотин-қизлар

бошқармаси матбуот котиби.