Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи томонидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги вакиллари иштирокида Хоразм вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилди. Гуруҳ аъзолари Халқаро молия институтлари маблағлари йўналтирилиши натижасида ташкил қилинган мевали боғлар, узумзорлар ҳамда иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.

Шунингдек, “тайёр ҳолда топшириш” механизми асосида боғ ва токзорлар, сабзавот майдонларини барпо этиш учун ажратилган ер майдонларини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Ўз навбатида интенсив боғ ва токзорларни “тайёр ҳолда” барпо этувчи пудратчи ташкилотни ёллаш бўйича тендер савдоларини ўтказиш ишларининг бориши ҳамда майдонларни лотларга бўлиб аҳолига ажратиб бериш жараёни таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида вилоятнинг иқлим, тупроқ ва сув шароитидан келиб чиқиб, боғ ва токзорларда кўчат навларининг экилиши кўздан кечирилди.

-Ишчи гуруҳнинг асосий мақсадларидан бири – иссиқхоналардаги муаммоларни, уларни келтириб чиқарувчи сабабларни ўрганиш, дейди -Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ҳусниддин Каримов. -Биз фермерлар, тадбиркорларнинг фикрларини ўрганарканмиз, улар биринчи ўринда экилган маҳсулотларни сотиб олиш босқичини яратиш таклифини илгари суришди. Ҳозирда Хоразм вилоятига алоҳида агроном, алоҳида жой   тақсимлаш дастури ишлаб чиқиляпти. Яна бир эътиборли жиҳат: вилоятда интенсив боғлар яратишга  алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу кунларда Туркиядан 1 миллион туп кўчат келтириляпти. Натижада 2 500 гектар ерда янги интенсив боғ барпо этилади.

Тадбир доирасида вилоятнинг қатор туманларида фермер ва деҳқонлар учун мевали боғлар, узумзорлар ва иссиқхоналарни барпо этиш бўйича махсус семинарлар ташкил этилди.  

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги масъуллари иштирокида ҳудудларда мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан  айни йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субеъктлари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда бугунги кунда ташқи бозорларда талаб юқори бўлган мева-сабзавот навларини жойлаштириш ва етиштириш бўйича тавсиялар берилди. Агентлик томонидан боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ҳамда режалаштирилаётган лойиҳалар бўйича маълумотлар берилди.

Агентлик директори Хусниддин Каримов ҳозирги кунда республикамизда Мева-сабзавотчилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, кластерлар (кооперация) фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан қилинаётган ишлар бўйича маълумотлар берди.

Семинарлар, учрашувлар, очиқ мулоқотларда тадбиркорлар, фермерларнинг ҳам фикрлари тингланди, таклифлари олинди.

Бундан ташқари Хоразм вилояти шароитида бугунги кунда қайси мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш мумкинлиги, қайси маҳсулотларга талаб юқорилиги, шунингдек, мева-сабзавот соҳасида қайта ишловчи корхоналар тўғрисида улар билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига Агентлик томонидан бевосита амалий ёрдам бериш бўйича келишиб олинди.