Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш — давр талаби. Шу мақсадда юртимизда замонавий лабораторияларга бўлган эҳтиёж тоборо ортиб боряпти. Жомбой тумани ҳудудида жойлашган “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг лабораторияси ана шундай мажмуалардан бири сифатида иш олиб бормоқда.
Президентимиз шу йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида мазкур “In vitro” лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишган эди.
Умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа 2019 йил ишга туширилган. Натижада илгари хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатларини маҳаллий шароитда тайёрлаш йўлга қўйилди.
Бу усул икки жиҳатдан жуда муҳим. Биринчиси, четдан келтирилаётган кўчатлардаги турли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олди олинади. Иккинчиси, маҳаллий лабораторияда етиштирилган кўчатлар хорижникига нисбатан бир неча баробар арзон. Масалан, шу пайтгача чет элдан олиб келинган ёнғоқ кўчатининг бир донаси 5 доллардан 20 долларгача турса, бу ерда етиштирилаётгани 3-3,5 долларни ташкил этади.
Агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ҳам ишга туширилган бўлиб, унда тупроқ, сув ва барг намуналарини ўрганиш йўлга қўйилган. Бунинг самарадорлиги шундаки, боғдорчилик хўжаликларининг тупроқ шароити ўрганилиб, унга мос кўчатлар тавсия қилинади. Натижа ниҳоллар хатосиз униб, мўл ҳосил етиштирилади.
— Лаборатория учун 24 гектар ер ажратилган, — дейди “In vitro” лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. — Шундан 2 гектарида замонавий иссиқхона барпо этилган. Яна 3 гектар ерда янги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Қолган майдонда эса мамлакатимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчати олиб келиниб, парвариш қилинади. Энг муҳими, боғдорчилик билан шуғулланиш ниятида келган харидорларнинг самарали фаолият юритишлари учун уларнинг тупроқ шароитини ўрганиб, ерга мос кўчатларни тавсия қиламиз. Бунинг учун тупроқ ташхислаш лабораториямиз ҳам ташкил қилинган.
Мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг ҳамда пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок, олма каби экспортбоп меваларнинг касалликдан холи, иқлим шароитимизга мос кўчатлари етиштирилмоқда.
Жорий йил 2 миллион дона турли мевали ва манзарали кўчат етиштириш режалаштирилган. Йил якунига қадар шунингдек, 500 минг дона ёнғоқ ва бодом кўчатларининг истиқболли мева пайвандтаглари қилинади.
Лаборатория 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобига бу ерда йилига 20 миллион дона кўчат етиштириш йўлга қўйилади. 2023 йилдан кўчатлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Ушбу лаборатория ва иссиқхонада 140 та янги иш ўрни яратилган.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
журналист