Ушбу масала жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича БМТ Конгресси 14-сессиясининг мавзуларидан бирига айланди. Унда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга мурожаат йўллади.
«Жиноятчилар ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини амалга ошириш учун янги технологиялардан, шу жумладан, виртуал макондан кенг фойдаланаяпти. Кибер олам қонуний тартибга солинмаганлиги у ерда содир этилган жиноий ҳаракатлар миқёсининг ўсишига олиб келмоқда», - деди Антонио Гутерреш. Унинг қўшимча қилишича, қонун чиқарувчилар янги воқеликларни ҳисобга олиши ва интернетда одамларни фирибгарлик ва талон-тарож қилишдан, дезинформация ва ҳақоратлардан ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини яратиши керак.
Якшанба куни Киото шаҳрида БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича Конгресси ўз ишини бошлади. Бундай конгресслар ҳар беш йилда ўтказилади. 14-сессия 2020 йилда бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия сабабли қолдирилди.
Йиғилиш делегатлари томонидан Киото декларацияси қабул қилинди. Унда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган. БМТ раҳбари уларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва дунёда тобора кучайиб бораётган тенгсизлик мавзусига нисбатан адолат ҳолатини муҳокама қилишга тайёрлигини мамнуният билан қабул қилди.
БМТнинг жиноятчиликни олдини олиш бўйича Конгресси ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва жиноий суд экспертлари учун дунёдаги энг йирик форумдир. Ушбу учрашувлар трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг глобал таҳдидига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.