Ўтказилган таҳлил даврида мамлакатимизда рақамли инфратузилманинг барча кўрсаткичлари бўйича сезиларли ўсиш қайд этилган. Шу жумладан:

- Халқаро маълумотларни узатиш тармоғига (интернет) уланиш тезлиги 28 баробар ошди ва 2022 йилда 1800 Гбит/с ни ташкил этди;

- провайдерлар учун интернет тарифлари нархи 30 баробар, яъни 2017 йилдаги 90 доллардан 2022 йилда 3 долларгача арзонлашди;

- оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги  7 баробар ошиб, 2017 йилдаги 24,5 минг километрдан 2022 йилда 170 минг километргача етди;

- мобил таянч станциялар сони қарийб 3 баробар кўпайди ва 2022 йилда 54 мингтага етди;

- 2022 йилда аҳолининг 75 фоизи интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлди. 2017 йилда бу кўрсаткич 34,5 фоиз эди;

- уяли алоқа тармоқлари абонентлари улуши 2017-2022 йилларда 70 дан 86 фоизга (ўсиш 1,2 баробар) кўтарилди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш (2026 йил охиригача унинг ЯИМдаги улушини камида 2,5 баробарга ошириш) “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида асосий “драйвер” сифатида белгиланган.

Рақамли инфратузилмани янада такомиллаштириш сифатли иқтисодий ўсишни таъминлаш, бизнес имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг таълим, хизматлар ва онлайн бандликдан фойдаланиш имкониятларини оширишда ёрдам беради.