2018 йилнинг июль ойи эди. Қуёш икки найза бўйи кўтарилган вақтда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ҳудудига Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовлардан мувоффаққият билан ўтган абитуриентларни олиб киришди. Абитуриентлар орасида бўйи ўртача бўлган ва қотмадан келган, истарали йигит нимаси биландир ажралиб турарди. Командирлар унга қизиқиш билан қарашди.

Бу йигит гўзал ва сўлим Фарғонадан ўқишга кирган Шуҳратхон Муҳаммадхонов эди. Ўқиш жараёни бошлангандан сўнг Шуҳратхон ўзини ҳар томонлама ижобий томондан кўрсатди. У фанларни аъло баҳоларга ўқиши ва ҳарбий бўлинма маънавий-маърифий ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади.

Шуҳратхон мусиқа асбобларида зўр маҳорат билан ижро этиши билан бошқа курсантлардан фарқ қилиб турарди. Шуҳратхон батальон ҳаётида жуда фаол бўлиб, ҳеч бир тадбир усиз ўтмасди. 2019 йил 30 январида биринчи курс курсантлари билан Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув бўлди. Ўзбек халқининг севимли адиби билан бўлган тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди.

Мен сўз навбатини Шуҳратхонга берганимда Шуҳратхон жуда ҳаяжонланиб кетди, чунки Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик олдида қўшиқ ижро этиш осонмас-да. Бироқ Шуҳратхон ҳаяжонни енгиб, мумтоз қўшиқни гитара ёрдамида ижро этиб берди. Тадбир сабабчиси Тоҳир Маликка ижро ёқиб, Шуҳратхон маҳоратига юқори баҳо бердилар.

Учрашувда модераторлик қилаётган офицерга: “Тадбирдан сўнг менга учрашсин”, - дедилар. Тадбир якунлангандан сўнг мен Шуҳратхонни Тоҳир аканинг ёнига олиб бордим. Устоз Шуҳратхон билан самимий гаплашиб уни ноёб истеъдод эгаси эканлигини таъкидлаб, ўз устида кўпроқ ишлашни тавсия этдилар. Шундан сўнг устоз Шуҳратхонни узоқ дуо қилиб, ижодига мувофаққият тиладилар.

Шуҳратхон устознинг ўгитларига амал қилиб, ўз устида ишлади ва тез орада у аввал Ҳарбий-техник институт кейинчалик Жамоат хавсизлиги университетининг ҳақиқий брендига айланди. У етакчилик қилаётган “Алвон беретлар” Шуҳрати бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Нафақат университетнинг катта-кичик тадбирларини, балки Миллий гвардия миқёсидаги тадбирларни ҳам “Алвон беретлар”сиз ўтмайди.

Албатта, бундай ютуқлар ўз-ўзидал бўлмайди, бу чўққиларни забт этиш учун университет қўмондонлигининг яратиб берган шароитлари муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Айниқса, университет бошлиғи полковник М.Х. Рустамбаевнинг сайъ ҳаракатларини таъкидлашимиз жоиздир. У киши ҳар мажлисда профессор-ўқитувчиларни иқтидорли курсантларни аниқлашга ва уларни ривожлантиришга чақирадилар. Бу, албатта, ўз самарасини бермоқда.

Ман куни кеча бўлб ўтган “Илҳом” Республика ёшлар кўрик танловида Шуҳратхон Муҳаммадхонов биринчи ўринни қўлга киритди ва асосий соврин “Спарк” автомобилини қўлга киритди. Бу ютуқ бутун университет жамоасини жунбушга келтирди. Тақдирлаш маросими Адиблар хиёбонида буюк Алишер Навоий ҳайкали пойида бўлиб ўтди. Ойнаи жаҳонда Шуҳратхонни кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетдим.

Бу ҳаммамизнинг ғалабамиз эди. Бунга эришиш учун Шуҳратхон оз-мунча тер тўкмади. Айниқса, унинг тақдирлаш сўнггида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ва халқига садоқат билан хизмат қиламан!!!”, - деган ҳайқириғи заминни ларзага келтирди десам асло муболаға қилмаган бўламан. Истардимки, Қуролли Кучларимиз сафида мана шундай йигитлар кўп бўлишини тилайман. Мақола сўнггида мен Шуҳратхонни бу ютуғи билан табриклайман.

Тўлқин Сайдалиев,

Жамоат хавфсизлиги университети профессори,

истеъфодаги подполковник