Умумий қиймати 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 300 та янги иш ўрни очилди. 

— Ички ва ташқи бозорда металл панелли иситиш радиаторларига талаб юқори, — дейди корхона раҳбари Зиёвиддин Юнусов. — Маҳсулотларнинг асосий қисми шу кунга қадар Хитой, Туркия, Италия ва Россиядан импорт қилинган. Энди бунга зарурат қолмади. Янги лойиҳа бу жабҳада ўзига хос рақобат муҳитини шакллантириш билан бирга, мижозларга танлаш имкониятини кенгайтиради. Корхонамизнинг йиллик қуввати 900 мингта маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ерда тежамкор, юқори сифатли, узунлиги 30 сантиметрдан 3 метргача бўлган иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилади.

Италия ва Туркиядан олиб келинган техника ва технологияларни бошқараётган ишчи-хизматчиларнинг аксарияти маҳаллий ёшлардан иборат. Хориждан келган мутахассислар уларга касб сирларини ўргатмоқда. “Оқсув” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Юлдузхон Қодирова шундай ёшлардан. У икки фарзанднинг онаси. Бир неча йилдирки, ишсиз эди. Янги корхона бу оила учун ҳам имконият, фаровонлик эшикларини очди.

— Маҳалламизга яқин ҳудудда корхона ишга туширилгани айни муддао бўлди, — дейди Юлдузхон. — Бу ерда ишчилар учун зарур шароит яратилган. Ойлик маошимизни вақтида оляпмиз, бепул тушлик билан таъминланяпмиз. Узоқдан келиб ишловчилар учун махсус транспорт қатнови йўлга қўйилган.

Кейинги йилларда маҳаллий шароит­да импорт ўрнини босувчи саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳа ҳамда ташаббуслар кўлами кенгайиб бораётгани ортиқча сарф-харажат ва оворагарчиликларга барҳам берди. Цемент ва боғловчи материаллар, ойна ва ундан ясалган буюмлар, ДСП, МДФ ва бошқа плиталар, ПВХ ва пластмасса буюмлар, керамика, портланд цемент сингари қурилиш маҳсулотлари энди маҳаллий саноат корхоналарида ишлаб чиқариляпти.

Бу ишларнинг сифати ва самарадорлигини оширишда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг алоҳида ўрни бор. Бугунга қадар бу ерда умумий қиймати 1 мил­лиард 88 миллион долларлик 153 та йирик инвес­тиция лойиҳаси жойлаштирилди. ­Фойдаланишга топширилган саноат корхоналари 3 триллион 601 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарди. Импорт ўрнини босган ушбу маҳсулотлар ички истеъмол бозоридан ташқари хорижга ҳам сотилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобидан 126,6 миллион долларлик саноат ва қурилиш маҳсулотлари экспорт қилинди. ­Мазкур корхоналарда 11 минг 340 ишчи-­хизматчи фаолият юритмоқда.

— Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик, хорижлик сармоядор, ишбилармонлар учун яратилган қулай шароит, имтиёз ва имкониятлар фаолиятимизда қўл келмоқда, — дейди қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “BNBM” корхонаси раҳбари Жо До Шан. — Лойиҳа доирасида 30 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, экологик тоза қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозир қурилиш маҳсулотлари ҳажми ва турини кўпайтириш бўйича янги лойиҳаларни ишга туширмоқчимиз.

Фарғона вилоятида ер ости бойлик­лари кўп. Бу арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида ҳар жиҳатдан қўл келаётир. Масалан, ишлаб чиқариш учун керакли бирламчи қурилиш ашёлари Шўрсув тоғ-конларидан қазиб олинади. Бу ерда хомашёни саралаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш билан боғлиқ жараёнлар қамраб олинган.

Учкўприк туманида Хитойнинг “Yong Xin” компанияси томонидан 90 миллион долларлик кафель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 75 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Лойиҳа доирасида йилига

29 миллион квадрат метр кафель маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, юқори даромадли 700 та иш ўрни очилди.

— Ўтган йили барча йўналишни қамраб олган 1281 та лойиҳа ишга туширилиб, 3,7 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилди. Унинг 2,5 миллиарди хорижий инвес­тиция ҳиссасига тўғри келади, — дей­ди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов. — Жорий йилда

4,2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ва 52 мингга яқин янги иш ўрни очиш режалаштирилган. Қува ҳамда Тошлоқ туманларида Хитой, Туркия ва Япония компаниялари иштирокида йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади. Амалий ҳамкорлик экспорт ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш, халқаро сертификатлар олиш ҳамда савдо уйлари сонини кенгайтириш имконини беради.

Ҳозир Жанубий Кореянинг “Hansae mobility” компанияси қиймати 50 миллион долларлик автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга киришган. Қува туманида Туркиянинг “Xeyal Xolding” компанияси билан умумий қиймати 350 миллион долларлик “Турк саноат зонаси”ни ташкил этиш ло­йиҳасига старт берилди.

Фарғона вилоятига инвестиция киритмоқчи бўлган мамлакатлар қаторида Хитой карвонбошилик қилмоқда. Мамлакат бу йўналишда 1 миллиард 539 миллион доллар инвестиция киритди. Шунингдек, Россия, Туркия, Жанубий Корея сингари иқтисодий барқарор давлатлар вакиллари ҳам фарғоналиклар билан узвий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири