Штаб ходимлари маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар ўз амалиётда дуч келадиган тизимли ва хусусий характердаги муаммоларни аниқлаш мақсадида улар билан манзилли тарзда ҳамкорлик қилиб келяпти.
Қабул қилинган маълумотлар ҳар томонлама таҳлил қилинади, унинг натижалари асосида тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ва алгоритмлар ишлаб чиқилади. Тадбиркорларнинг муаммоли масалалари ҳам пухта ўрганилиб, аниқланган масалаларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилади.
Таъкидлаш жоизки, Штабда кўрилаётган амалий чора-тадбирлар самарадорлигини назорат қилиш механизми жорий қилинган, хусусан, тегишли мувофиқлаштирувчи кичик гуруҳ тадбиркорлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, вазирлик ва идоралар тадбиркорларнинг мурожаатларига қанчалик тез ва самарали жавоб бераётганлигини аниқлайди.
Ҳар бир куннинг охирида Штаб фаолиятининг натижалари юзасидан тезкор ҳисобот шакллантирилади ва таҳлил қилиш учун Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Ҳукумат комиссиясига юборилади.
Ушбу таҳлил давомида аниқланган тизимли муаммолар инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, саноатни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, янада фойдали логистика йўналишларини кашф этиш, янги истиқболли бозорларга чиқиш ва хорижий шериклар билан инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ҳам ҳар томонлама ўрганиляпти.
Штаб туну кун иш олиб боради. Тадбиркор ва экспортчилар ўз муаммолари билан, шунингдек ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича маслаҳат олиш учун исталган вақтда Штаб ходимлари билан боғланишлари мумкин. Барча масалалар қисқа муддатда ўрганилади ва ҳал қилинади.
Мурожаатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг колл-маркази томонидан кейинчалик Штабга тезкор равишда юбориш учун қабул қилинади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Шунингдек, хабар орқали алоқага чиқиш учун қуйидаги ҳаволада қўшимча маълумотлар маълум қилинган.