2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ижобий натижаларга эришилди.  

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 5,6 фоизга ошди ва 293,6 триллион сўмга етди. Жумладан, ишлаб чиқариш саноатидаги ўсиш 6,3 фоизни, электр энергияси, табиий газ ва буғ билан таъминлаш, ҳавони кондициялаш каби тармоқлардаги ўсиш 9,9 фоизни ташкил этди. 

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ижобий натижа кузатилмоқда. Бунда ҳудудларнинг саноат тармоғи таркибида каттагина улушни ташкил этган ишлаб чиқариш саноати ўсишнинг асосий драйвери бўлди.  

Нефтни қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, автомобилсозлик саноати ва металлга ишлов бериш тармоқларида алоҳида маҳсулот турларини ишлаб чиқаришда фаол ўсиш кузатилди. 

2023 йилнинг январь-июнь ойлари оралиғида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажмида саноат тармоғининг улуши ортди. Иқтисодиётга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажмида энг кўп улуш (30,2 фоиз) ишлаб чиқариш саноатининг ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, инвестицияларнинг 8 фоизи тоғ-кон саноати, 7,5 фоизи табиий газ ва буғ етказиб бериш, ҳаво намлигини бир хилда сақлаш каби соҳаларга тўғри келди.