Бош вазир ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигида ўтган  ушбу йиғилишда мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъуллари иштирок этди. Жорий йилда бўлиб ўтадиган кинофестивалнинг тайёргарлик жараёнларига бағишланган йиғилишда миллий кинематография, кинокомпания ва кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари ўринбосарлари ҳам онлайн қатнашди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Тошкент халқаро кинофестивали эндиликда “Ипак йўли дурдонаси” номи билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йил 28 сентябр – 3 октабр кунлари ўтказилади.

Маълумот учун: Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968–1997 йилларда май ойи охири – июн ойи бошида давлат Кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ташкил этилган.