Мухтор Расулов 1922 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган, ёшлигидан илму маърифатга ихлос қўйиб улғайган. Эндигина олий таълим олиш ишқи билан ёниб юрган кезларда даҳшатли уруш бошлангани ҳақидаги шум хабар тарқалган.

Шунда айни кучга тўлган Мухтор Расулов биринчилардан бўлиб қўлига қурол олиб, ватан ҳимоясига отланган.

Мухтор Расулов қонли жанггоҳларда кечган дамлари бир неча китобга жо бўлса-да камлик қилади.

Она Ватан учун жоним фидо бўлсин, дея урушнинг сўнгги куни – ғалаба онларигача фронт ичра юрган мард ва жасур жангчининг кўксини кўплаб орден ва медаллар безаган. Айниқса, Берлинни ишғол қилишда кўрсатган жасорати учун олган медали ўзига хос мардлик ва ғолиблик нишонидир.

Мухтор Расулов урушдан сўнг орзулари камолот чўққиси сари интилди. 1958 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлаб, иқтисодчи олим сифатида узоқ йиллар Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти), Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да турли лавозимларда фаолият кўрсатди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Мухтор Расулов илмий раҳбарлигида кўплаб иқтидорли ёшлар фан номзодлари ва докторлари илмий даражаларига эришганлар. Иқтисодчи олимнинг қатор дарслик, монография ва ўқув қўлланмаларидан республикамизнинг деарли барча олий таълим муассасалари иқтисодиёт йўналишларида кенг фойдаланилмоқда.

Халқимизда «Яхшидан боғ қолади» деган нақл бор. Мухтор Расулов фан соҳасида беқиёс илм боғини яратган, ўзига хос илмий мактабини шакллантирган забардаст олим ва заҳматкаш устозлардан биридир. Умрининг сўнгги йилларида марҳум устоз ва жонкуяр педагог Мухтор Расулов ўз фаолиятини Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодиёт назарияси кафедрасида самарали фаолият юритдилар. У кишидан бебаҳо асарлар ва намунали шогирдлар қолди.

Домла бошлаб берган эзгу ишларни бугун жонкуяр шогирдлар давом эттирмоқдалар.